add

ХВЖ Ўзбекистоннинг даромадлар декларацияси қонунини қабул қилиш режасини олқишлади

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонда фуқаролар даромадларини декларация қилиш тизимини жорий этиш бўйича қонунчилик ҳаракатланиши қайта фаоллашганини ижобий баҳолади.

ХВЖ Ўзбекистоннинг даромадлар декларацияси қонунини қабул қилиш режасини олқишлади

ХВЖ миссияси баёнотида мамлакатда коррупцияга қарши кураш, маълумот берувчиларни ҳимоя қилиш ва давлат хизматчилари даромадларини декларация қилишга оид қонунларни ишлаб чиқиш жараёни олға силжигани қайд этилди.

Маълумот учун, Даромадлар декларацияси — бу жисмоний ёки мансабдор шахс ўзининг маълум бир даврда олган барча даромадлари ва айрим ҳолларда мол-мулки, активлари ҳамда мажбуриятлари ҳақида давлат органларига расмий равишда ҳисобот тақдим этиши ҳисобланади.

Қисқача айтганда, ким қанча даромад олгани, қандай активларга эгалиги ва бу даромад қаердан келиб тушгани ҳақида очиқ маълумот бериш жараёнидир.

Даромадлар декларациясининг мақсадлари:

— Коррупциянинг олдини олиш: давлат хизматчилари даромад манбалари шаффофлашади;

— Солиқ тушумларини ошириш: ноқонуний ёки яширин даромадлар юзага чиқади;

— Жамоатчилик назоратини кучайтириш: мансабдорлар молиявий ҳолати ошкора бўлади;

— Конфликт манфаатларни аниқлаш: давлат хизматида шахсий манфаат таъсирини камайтиради.

Қайси давлатларда қўлланилади?

Кўплаб мамлакатларда (Европа, Жанубий Корея, АҚШ, Қозоғистон ва бошқалар) давлат хизматчилари, депутатлар, судьялар, прокурорлар ва баъзи ҳолларда барча фуқаролар даромад декларациясини тўлдириши шарт.

Ўзбекистонда вазият қандай?

Ўзбекистон 2017 йилдан бери даромадлар декларацияси тизимини жорий этишни режалаштириб келмоқда. Март ойида Президент мазкур ҳужжатни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш вазифасини белгилаган эди. ХВЖ ва бошқа халқаро ташкилотлар бу қадамни қўллаб-қувватлаяпти. Қонун лойиҳаси ўрта муддатда парламентга тақдим этилиши кутилмоқда.

ХВЖ миссияси раҳбари Яссир Абдих Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш бўйича 2026 йил мартигача режалаштирилган «барқарор ва мақтовга лойиқ» ҳаракатини алоҳида эътироф этди. Унинг таъкидлашича, бошқарув тизимини такомиллаштириш, коррупцияга қарши ислоҳотлар ва шаффофликни ошириш иқтисодий самарадорлик ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилайди.

Баёнотга кўра, коррупция ҳақида хабар берганларни ҳимоя қилиш ҳамда активлар ва даромадлар декларациясига доир қонун лойиҳалари парламент муҳокамасига тайёрланмоқда. ХВЖ бу ҳаракатларни олқишлаб, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун қабул қилинганини ҳам муҳим қадам сифатида баҳолади.

Миссия ҳисоботида Ўзбекистон иқтисодиёти юқори ўсиш суръатларини сақлаётгани қайд этилган. Жорий йилнинг биринчи уч чорагида реал ЯИМ 7,6 фоизга ўсгани, инфляция босқичма-босқич пасаяётгани, ташқи савдо балансида эса олтин нархлари юқорилиги туфайли ижобий динамика кузатилгани айтилади. ХВЖ 2026 йилда ЯИМ ўсиши 6 фоиз атрофида бўлишини, инфляция эса 2027 йилга бориб Марказий банк белгилаган 5 фоизлик мақсадга яқинлашишини тахмин қилмоқда.

Миссия давлат харажатларини назорат қилиш, ортиқча бюджет даромадларини эҳтиёткорлик билан бошқариш, инфляцияни жиловлаш ва банклар устидан назоратни кучайтириш муҳимлигини урғулади. Шунингдек, давлат улуши юқори бўлган корхоналарни хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарувни яхшилаш хусусий сектор ўсишини тезлаштириши қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонда давлат хизматчилари даромадлари ва мулкини декларация қилиш, шунингдек коррупция ҳолатларини фош этувчи информаторларни ҳимоя қилишга доир қонун лойиҳалари ишлаб чиқилганини маълум қилганлиги ҳақида хабар берилган эди. ХВЖ миссияси баёнотида қайд этилишича, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун қабул қилингани ва қолган икки ҳужжатнинг парламент муҳокамасига тайёрланаётгани ижобий қадам сифатида баҳоланган.

Теглар

Мавзуга оид