
Янги Тошкент 2 миллион аҳоли яшайдиган мегаполис бўлади
Президент Янги Тошкентдаги 2 миллион аҳолига мўлжалланган «Шарқ баҳори» турар жой мажмуаси қурилиши билан танишди.

Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент ҳудудида барпо этилаётган «Шарқ баҳори» турар жой мажмуасининг қурилиш майдонини кўздан кечирди. Давлат раҳбари мамлакатда уй-жой қурилиши соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар Янги Тошкент мисолида янги босқичга чиқишини таъкидлади.
Президентнинг Олий Мажлис ва халққа Мурожаатномасида қайд этилганидек, жорий йилда 8 миллион 100 минг квадрат метр кўп қаватли уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Сўнгги тўққиз йил ичида эса жами 210 миллион квадрат метр турар жой ва нотурар жой объектлари барпо этилди. Бу кўрсаткичлар аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тизимли ҳал этишга қаратилган давлат сиёсати самарасини кўрсатади.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 600 минг нафар аҳоли учун зарур инфратузилма яратиш белгиланган. Барча босқичлар якунлангач, Янги Тошкент 2 миллион нафар инсон яшайдиган улкан мегаполисга айланиши кўзда тутилган.
Уй-жой таъминотидаги дастлабки йирик қадам сифатида «Шарқ баҳори» турар жой мажмуаси амалга оширилмоқда. 95 гектар майдонда 15 мингга яқин хонадондон иборат кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. Ҳозирга қадар бу ерда 18 миллион квадрат метрдан ортиқ қурилиш ишлари бажарилган бўлиб, «A+» тоифадаги энергия тежамкор материаллар қўлланилмоқда.
Мажмуа ҳудудида 15 мингдан зиёд дарахт ва кўчатлар экилади, автоном иситиш ва совитиш тизимлари жорий этилади. Том қисмлари тўлиқ қуёш панеллари билан қопланади, ер ости автотураргоҳлари эса шахсий транспорт учун қулайлик яратади. Боғлар, метро бекати, маъмурий ва ижтимоий муассасаларга яқин жойлашув лойиҳанинг асосий устунликларидан бири ҳисобланади.
Президент тайёр хонадонлардан бирини кўздан кечириб, Янги Тошкент бутун мамлакат учун замонавий ва қулай уй-жой қурилишида намуна бўлиши кераклигини таъкидлади.





