Янги хизмат: Ўзбекистонда банклар ўртасида тўғридан тўғри пул ўтказиш имкони пайдо бўлди

Бугун 19:583 дақиқа

Ўзбекистонда «A2A» пул ўтказмалари хизмати ишга туширилди. Энди банк ҳисобларидан тўғридан-тўғри пул юбориш мумкин.

Янги хизмат: Ўзбекистонда банклар ўртасида тўғридан тўғри пул ўтказиш имкони пайдо бўлди

Ўзбекистонда банклар ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминловчи «Account-to-Account» (A2A) форматидаги хизмат ишга туширилди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

«A2A» жисмоний шахслар ўртасида бир банк ҳисобидан бошқа банк ҳисобига тўғридан тўғри пул ўтказиш имконини берувчи яна бир хизмат туридир. Ушбу хизмат Марказий банкнинг Ахборотлаштириш бош маркази томонидан яратилган техник инфратузилма асосида амалга оширилган.

У «P2P» (Peer-to-Peer)дан фарқ қилади. «P2P»ўтказмаларда пул карта рақами орқали юборилади. «Account-to-Account»да эса маблағ тўғридан тўғри банк ҳисобварақлари ўртасида амалга оширилади.

Асосийси – бу бошқа карта эмас ва алоҳида янги карта очиш талаб этилмайди. Бу – мавжуд банк иловангизда танланадиган ўтказма усули бўлиб, пул ўтказишда хизмат турини танлаш орқали амалга оширилади.

Ҳар бир фуқаро карта расмийлаштирганда, карта банкдаги айнан шу ҳисобрақами асосида очилади.

Бугунги кунда ушбу хизмат тури барча банкларга техник жиҳатдан тақдим этилган.

Қайд этилишича, амалдаги барча ўтказма хизматлари сақланиб қолади. Ушбу хизмат эса қўшимча имконият бўлиб, фуқароларга пул ўтказишда танлов имкониятини кенгайтиради.

«A2A» хизматининг комиссияси

Билдирилишича, комиссиялар банклар томонидан ўзларининг ички тариф сиёсатига мувофиқ, мустақил равишда белгиланади. Комиссия миқдори танланган банк ва хизмат турига қараб фарқ қилиши мумкин. Марказий банк бозор иқтисодиёти шароитида регулятор сифатида комиссияларни белгилаш жараёнига аралашмайди.

Шунингдек, МБ Ахборотлаштириш бош маркази ҳам тўлов хизматларини кўрсатмагани ва мижозлар билан ишламагани сабабли, комиссияларни белгилашда иштирок этмайди. Шу муносабат билан фуқароларга банклар томонидан тақдим этилган тарифлар ва комиссиялар билан олдиндан танишиб чиқиш тавсия этилади. Турли банклар шартларини солиштириш – энг мақбул молиявий хизматларни танлаш ва муқобил вариантларни баҳолаш имконини беради.

1 - апрелдан айрим тўловлар нақдсиз бўлади

Маълумки, 2026-йилнинг 1 - апрелидан айрим тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.

Бунга қуйидагилар киради:

давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;

электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви учун тўловлар;

алкогол ва тамаки маҳсулотлари;

ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефт-газ маҳсулотларини сотиш ва электромобилларни зарядлаш хизматлари;

қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;

кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган М, Н, О ва Г тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш.

Бироқ марказий банк бу ўзгаришлар фонида тижорат банклари ва тўлов ташкилотларига ўзидан ўзига (M2M) ўтказмаларда комиссияларни камайтириш ёки ноллаштириш бўйича топшириқ бериш ваколатига эга эмас. Марказий банк раиси биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаевнинг VAQT.UZ га билдиришича, регулятор банкларга «комиссияни ошир, тушир ёки нол қил» деб кўрсатма бера олмайди. Шу билан бирга, у «account-to-account», яъни ҳисоб рақамдан ҳисоб рақамга тўғридан-тўғри ўтказмалар учун техник имкониятлар аллақачон яратилганини маълум қилди. Эндиликда бу тизимдан фойдаланиш банкларнинг ўзига боғлиқ экани қайд этилди.

«Марказий банкнинг Тезкор тўловлар тизимида жисмоний шахсларга уларнинг банк ҳисобварақлари орқали реал вақт режимида тўғридан-тўғри ўтказмаларни амалга ошириш имконияти яратилгани ҳақида бугун расман хабар берилади», — деди Марказий банк раиси биринчи ўринбосари 27-март куни матбуот анжуманида.

Теглар

Мавзуга оид