
Янги йил байрами сабаб Тошкентдаги баъзи кўчалар ёпилади
Пойтахтда байрам тадбирларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида бир қатор марказий кўчаларда вақтинчалик чеклов жорий этилади.

Янги йил байрами муносабати билан Тошкент шаҳридаги айрим кўчаларда транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Чекловлар байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш, уларни юқори савияда ўтказиш, шунингдек, оммавий тадбирлар вақтида аҳоли хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш мақсадида киритилмоқда.


Маълум қилинишича, 2025 йилнинг 15 декабридан 2026 йилнинг 15 январигача Ўзбекистон Миллий кутубхонаси олд майдонида:
— Зарафшон кўчасининг «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонаси қўриқлаш пункти ва Матбуотчилар кўчалари оралиғидаги қисми;
— Истиқлол кўчасининг А.Темур шоҳ ва Буюк Турон кўчалари оралиғидаги қисми;
— Буюк Турон кўчасининг Истиқлол кўчаси кесишмасидан Ёшлар ижод саройигача чеклов ўрнатилади.
2025 йил 17 декабрдан 2026 йил 5 январгача Тарас Шевченко гастрономик-туризм кўчасида:
— Тарас Шевченко кўчасининг Фидокор кўчаси кесишмасидан Нукус кўчаси кесишмасигача;
— Саййид Барака кўчасининг Ойбек кўчаси кесишмасидан Амир Темур шоҳ кўчасигача чеклов ўрнатилади.
«Ноқулайликлар учун узр сўраймиз ва ҳайдовчиларга ўз йўналишларини ушбу ўзгаришларни инобатга олган ҳолда режалаштиришни тавсия этамиз», — дейилади ҳокимлик хабарида.





