
Япония боғларидан Шотландия тоғлари томон ёйилган куз манзаралари
Куз барглари рангга кирар экан, гўёки, дунё харитаси ҳам зарғалдоққа бўялади. Қуйида қизил барглар шивирлаётган, олтин ўрмонлар сокин нафас олаётган манзараларни сиз билан бўлишамиз.

Куз фаслида баргларнинг рангга киришини кузатиш мақсадида дунё бўйлаб саёҳат қилиш узоқ асрлик анъаналардан бири бўлиб, бу борада америкаликлар пешқадам. Улар 19 асрданоқ айнан куз тароватини ҳис этиш мақсадига қитъалар аро саёҳатга чиққан. Хусусан, америкалик ёзувчи, файласуф, эссенавис Ҳенри Девид Торо ва Америка шеъриятининг энг таъсирли ва сирли шоираларидан бири Эмили Дикинсон куз фаслининг гўзаллигини ҳайрат билан тасвирлаб ёзган.



Орадан аср ўтгач, миллионлаб америкаликлар автомагистраллар орқали саёҳат қилиб, йўл бўйидаги боғлардан олмалар териб, кичик уйларда қолиб, лагер ҳафталикларини ўтказа бошлади. Улар Техасни кезиб ўтар, Ню- Йоркдаги Катскил ва Адирондак тоғларини велосипедда кашф этар, Шимолий Каролинадаги Блуэ Ридге ва Рокки тоғларини яёв кезарди.
Умуман олганда, ҳайратомуз куз рангларини дунёнинг турли ўрмонларида кўриш мумкин. Япониядаги оловранг заранглар, Шотландия тоғлари бўйлаб ёйиладиган олтин рангли ўрмонлар-у Олмониядаги улкан боғлар бунга мисол.
Япония
Японияда баргларнинг олтин рангга кириши умумхалқ воқеаси бўлиб, бу жараён Момижигари — «қизил баргларни овлаш» деб аталади. Бу атама айнан шу фаслда заранг баргларининг оловранг тусга киришига ишора қилади. Баргларнинг ранг ўзгартириши мамлакат бўйлаб октябр ўрталаридан декабр бошигача давом этади.



«Момижигари»ни нишонлаш учун энг машҳур жойлари Токиодан унча узоқ бўлмаган Ёро водийси, UNESCO мероси бўлган Тенрю-жи ибодатхонаси, ёввойи ва улкан табиати билан довруқ қозонган Даисетсузан миллий боғи бўлиб, бу ҳудудларда миллионлаб одамлар айнан куз ҳароратини ҳис қилиш учун ташриф буюради.
Шунингдек, японларнинг куз фаслида ўтказадиган яна бир анъанаси «Шинрин-ёку», (ўрмон ваннаси — табиат қўйнида дам олиш) бўлиб, уни адо этиш учун ноябр ойи энг яхши вақт ҳисобланади. Бундан ташқари, бу фаслда бутун мамлакат бўйлаб кўплаб фестиваллар бўлиб ўтади. Масалан, 1634-йилдан бери ўтказиладиган Нагасаки Кунчи фестивалида кузги ҳосилни йиғиб олиш баҳонасида рақс ва саҳна чиқишлари ташкиллаштирилади.
Жануби-ғарбий Германия
«Қора ўрмон» миллий боғи номига қарамай, кузда энг ёрқин рангларга бой Германиядаги ҳудудлардан бири бўлиб, сентябрдан ноябр ойигача барглар тўқ сариқ рангга киради.

«B500 автомобил йўлидан юрсангиз, бутун «Қора ўрмон»нинг куз ранглари кўз олдингизда очилади. Бу саёҳатни тарихий бинолари, ҳашаматли меҳмонхоналари билан танилган Баден-Баден шаҳридан бошлашингиз мумкин», дейди мамлакат Миллий туризм идораси вакили Лив Боэинг.
Мазкур ўрмон табиати бағрида ёлғизликни қадрлаш немис санъати — «Waldeinsamkeit», яъни «ўрмондаги ёлғизликни ҳис этиш»ни машқ қилиш учун энг мос жой ҳам.
Шотландия
Шотландиянинг тоғли ҳудудлари куз фаслида тўқ зарғалдоқ, қизил ва тўқ сариқ тусларга киради. Бу фаслда у Европадаги энг гўзал, лекин кўпинча эътибордан четда қоладиган манзиллардан бири ҳисобланади. Ҳар йили ёз ойларида Edinburg Fringe фестивали каби оммабоп тадбирлар сабаб Шотландияга меҳмонлар оқими кучаяди.


Бироқ кўпчилик мамлакатнинг куздаги тиниқ ҳавоси, гўзал ранглари ва қулай меҳмонхоналаридан баҳраманд бўлиш имкониятини ўтказиб юборади. Шотландияда кузнинг энг жозибали даври октябр ойининг иккинчи ярмидан ноябр бошигача давом этади.
Cairngorms миллий боғининг пиёда йўлакларида сайр қилиш, Пертҳшире минтақасидаги 200 минг акрдан ортиқ «катта дарахтлар мамлакати»ни кашф этиш ёки Лоч Ломонд кўлида сокин круизга чиқиш орқали Шотландияда куз тароватини яқиндан ҳис қилиш мумкин.
Канада



Канаданинг океан билан туташган ҳар икки қирғоғида куз ранглари гўзал намоён бўлади, бироқ асл куз манзараларини томоша қилиш учун энг яхши ҳудуд Квебек бўлиб, бу ерда шаҳар муҳитидан қочиш, табиат қўйнига шўнғиш мумкин.
«Квебек АҚШ саёҳатчилари учун анъанавий Янги Англия куз маршрутларига нисбатан гўзал ва анча гавжум бўлмаган алтернатива таклиф қилади. Лаурентиан тоғларидан «Eastern Townships»гача чўзилган ёрқин қизил, тўқ сариқ ва олтин ранглар билан ўзига жалб қилади», дейди расмий туризм платформаси вакили Жоси Лепке.
Теглар






