add

Япония ҳар бир уйга 25 Гбит/с интернет олиб кирмоқчи

Кеча 18:002 дақиқа

Японияда 2026 йилдан бошлаб уйлар учун 25 Гбит/с тезликдаги интернет жорий этилади, бу ҳозирги оммавий стандартлардан бир неча баробар юқори.

Япония ҳар бир уйга 25 Гбит/с интернет олиб кирмоқчи

Япония рақамли инфратузилмани ривожлантиришда яна бир бор глобал трендларни ортда қолдирмоқда. NTT East корпорацияси 2026 йил март ойидан Токио шаҳрида уй хўжаликлари учун 25 Гбит/с тезликдаги оптик интернет хизматини ишга туширишини маълум қилди. Бу FTTH (Fiber-to-the-Home) форматидаги янги авлод хизмат бўлиб, Японияда ҳозирда мавжуд бўлган энг юқори оммавий тезлик — 10 Гбит/сдан 2,5 баробар тез.

Янги хизмат «Flet’s Hikari 25G» номи остида тақдим этилади ва best-effort моделида ишлайди. Бу дегани, абонентлар умумий оптик тола инфратузилмаси орқали провайдерларга уланади, тезлик эса тармоқ юкламасига боғлиқ ҳолда ўзгариши мумкин. Шунга қарамай, ҳатто амалдаги реал тезликлар ҳам ҳозирги маиший интернет стандартларидан анча юқори бўлиши кутилмоқда.

Лойиҳа IEEE ComSoc Technology Blog ҳамда Telecompaper манбаларида қайд этилганидек, NTT’нинг кенг қамровли рақамли стратегиясининг бир қисми ҳисобланади. Корпорация параллел равишда «Innovative Optical and Wireless Network» (IOWN) ташаббусини ҳам ривожлантирмоқда. Ушбу дастур доирасида ултратезrjh оптик тармоқлар учун янги қурилмалар ва архитектуралар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Айни пайтда Японияда FTTH бозори жуда рақобатли. 10 Гбит/с тезликдаги хизматлар NTT East/West, шунингдек Sony қўллаб-қувватлаган NURO Hikari каби операторлар томонидан таклиф қилинади. 25 Гбит/с сегменти эса биринчи навбатда юқори талабга эга мегаполисларда, айниқса рақамли хизматлар, стриминг, cloud-платформалар ва AI-иловалар фаол қўлланиладиган уй хўжаликларига қаратилган.

Шу билан бирга, Японияда илмий лабораторияларда интернет тезлиги бўйича жаҳон рекордлари ҳам ўрнатилмоқда. Экспериментал оптик толалар орқали 1 петабит/сдан юқори узатишга эришилган. Албатта, бу натижалар ҳозирча фақат тадқиқот даражасида бўлиб, оммавий бозор учун мўлжалланмаган.

Япония тажрибаси глобал рақамли сиёсатлар билан қизиқарли таққосланади. Масалан, Европа Иттифоқи «Рақамли ўн йиллик» стратегияси доирасида 2030 йилгача барча уй хўжаликларини камида 1 Гбит/с интернет билан таъминлашни мақсад қилган. Япония эса бу кўрсаткични аллақачон ўнлаб баробарга оширишга киришмоқда.

Теглар

Мавзуга оид