Яқин Шарқда уруш бошланганидан кейин Дубай акциялари 20 фоиздан ортиқ арзонлашди

Уруш бошланишидан олдин эса Дубай акция бозори қарийб олти йил давомида тахминан 300 фоизга ўсган эди.

Яқин Шарқда уруш бошланганидан кейин Дубай акциялари 20 фоиздан ортиқ арзонлашди

Дубайда акциялар Яқин Шарқдаги уруш фонида «айиқ бозор» (bear market) даражасига тушиб қолди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар бермоқда.

«Айиқ бозор» активлар (акциялар, криптовалюталар ва бошқалар) нархи узоқ вақт давомида пасаядиган давр бўлиб, одатда инвесторлар пессимизми ва иқтисодий пасайиш билан бирга кечади. Бу бозорда узоқ муддатли тушиш ва салбий кайфият ҳукмрон бўлган давр.

Дубай билан боғлиқ ҳолатда низо энергетика соҳаси, денгиз ташувлари, кўчмас мулк ва туризм тармоқларида жиддий беқарорлик келтириб чиқарди. Энг катта йўқотишларни дубайлик девелоперлар кўрди, уларнинг акциялари қиймати тахминан учдан бир қисмига тушиб кетди. Таҳлилчилар таъкидлашича, агар вазият барқарорлашса, инвесторлар учун активларни арзон нархда сотиб олиш имконияти пайдо бўлиши мумкин.

Кутилган ҳолат

«Dubai Financial Market General Index» феврал ойидаги максимал даражадан 21 фоизга тушди, 16-март куни эса индекс яна 3,2 фоизга пасайди. Агар савдо шу даражада ёпилса, Дубай акция бозори «айиқ бозор» босқичига ўтади. Йил бошидан бери Дубай биржаси индекси 14 фоиздан ортиқ қийматини йўқотган.

Уруш бошланганидан бери энг кўп зарарни Дубайнинг йирик девелопер компаниялари акциялари кўрди:

«Emaar Properties» – 34 фоизга арзонлашди

«Emaar Development» – 35 фоизга тушди

Бу компаниялар тураржой ва тижорат кўчмас мулки қурилиши билан шуғулланади.

Уруш бошланишидан олдин Дубай акция бозори қарийб олти йил давомида тахминан 300 фоизга ўсган. Бу ўсиш истеъмолнинг ошиши, туризмнинг ривожланиши, кўчмас мулк бозоридаги бум, молиявий хизматлар соҳасининг кенгайиши билан боғлиқ бўлган.

«Бу пасайиш кутилган эди ва у барча тармоқ индексларида кузатилмоқда. Шунинг учун у минтақадаги геосиёсий вазиятни тўлиқ акс эттиради», – дейди «Kamco Investment» тадқиқот ва стратегия бўлими раҳбари Жунаий Ансари.

Унинг фикрича, вазият барқарорлашгач инвесторлар учун активларни катта чегирма билан сотиб олиш имконияти пайдо бўлиши мумкин.

Пентагон аввал Эронга қарши кампания 4–6 ҳафта давом этиши мумкин деб ҳисоблаган. 14-март куни эса Доналд Трамп «NBC News»га берган интервюсида Эрон келишув тузишни истаётганини билдирди. Аммо Теҳрон бу баёнотни рад этди.

15-март куни Оқ уй иқтисодий маслаҳатчиси Кевин Ҳассет «CBS» телеканалига берган интервюсида АҚШ операцияси режадан тезроқ кетаётганини айтди.

Имижга таҳдид

«Bloomberg» ёзишича, Дубай акция бозоридаги оммавий сотувлар феврал охирида АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган зарбаларидан кейин бошланган.

Теҳрон эса бунга жавобан Форс кўрфази давлатларига ҳужумлар уюштирди. Низо минтақада ҳаво қатновларини издан чиқарди, денгиз ташувлари учун хавфларни кучайтирди ва нефтнинг жаҳон нархларини оширди.

Стратегик аҳамиятга эга Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракат уруш бошланганидан бери деярли тўхтаб қолган.

Уруш учинчи ҳафтага киргани сайин, у Дубайнинг дунёдаги энг нотинч минтақалардан биридаги хавфсиз иқтисодий марказ сифатида шаклланган имижига таҳдид солмоқда.

Бугун, 16-март куни Дубай халқаро аэропортида дрон билан боғлиқ ҳодиса сабаб бир неча соатга парвозлар тўхтатилди. «Flightradar24» маълумотларига кўра, айрим самолётлар захира аэропортларига йўналтирилди, бошқалари эса жўнатилган манзилларига қайтарилди. Бу рейслар орасида Ўзбекистон, Британия, Покистон ва Ҳиндистондан келаётган самолётлар ҳам бор эди.

Теглар

Мавзуга оид