Яқин Шарқдаги уруш Марказий Осиё ҳаво ҳудудининг стратегик аҳамиятини оширмоқда

Уруш Марказий Осиёни Туркия ва Кавказдан бошланиб, Каспий ҳавзаси орқали Жанубий ва Шарқий Осиёгача чўзилган кенгроқ географик занжирнинг муҳим қисмига айлантирди.

Яқин Шарқдаги уруш Марказий Осиё ҳаво ҳудудининг стратегик аҳамиятини оширмоқда

Марказий Осиёнинг авиация тизими бир неча йил аввалгига қараганда анча катта стратегик ва иқтисодий аҳамият касб этмоқда. Бу ҳақда «The Times of Central Asia» ёзмоқда.

Урушнинг авиацияга таъсири

Маълумки, Эрондаги уруш Европа ва Осиёни боғлаб турган асосий авиация йўлакларидан бирига жиддий таъсир кўрсатди. Европа Иттифоқининг Авиация хавфсизлиги агентлиги (EASA) Эрон ҳаво ҳудуди ва ҳарбий фаолият, ракета учиришлари, ҳаво ҳужумларини қайтариш ва ҳаво мудофаа операциялари кузатилаётган атрофдаги минтақаларда фуқаро самолётлари учун юқори хавф мавжудлиги ҳақида хавфсизлик бюллетенларини чиқарди. Эрон бўйича алоҳида EASA бюллетени 31-мартгача амал қилади ва Теҳрон ҳаво ҳудудида барча баландликларда фуқаро авиацияси учун юқори хавф мавжудлигини таъкидлайди.

Бу ҳолатнинг оқибатлари Яқин Шарқ билан чекланиб қолмайди. 2022-йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери Ғарб авиакомпанияларининг аксарияти Россия ҳаво ҳудудидан фойдалана олмайди. Эрон ҳаво макони ҳам одатий тижорат парвозлари учун хавфли деб баҳоланаётгани сабаб Европа ва Осиё ўртасидаги узоқ масофали парвозлар йўналишлари жуда тор доирада қолди.

«Reuters» тайёрлаган глобал парвоз йўналишлари харитасига кўра, авиакомпаниялар шимол томондан Кавказ орқали айланиб ўтишга ёки шарқий Ўртаер денгизи ва Арабистон ярим ороли орқали узоқроқ жанубий йўллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Европа ва Осиё ўртасида саёҳат қилаётган кўплаб йўловчилар ҳали ҳам Форс кўрфази транзит марказлари орқали учмоқда. Бироқ минтақадаги Дубай, Абу Даби, Доха, Кувайт ва Баҳрайн каби аэропортлар ҳам можаро даврида парвозлар жадвалида узилишлар ва беқарорликка дуч келмоқда.

1

Ўзбекистон ва Қозоғистон тезкор чоралар кўрди

Марказий Осиё ана шу шимолий айланма йўлдан бироз нарида жойлашган. У ҳозирча Форс кўрфазини йўловчи транзит маркази сифатида алмаштираётгани йўқ ва Европа билан Осиё ўртасидаги асосий кўприкка ҳам айланиб кетгани йўқ. Бироқ самарали алтернативалар сони камайиб бораётгани сабаб минтақанинг ҳаво макони стратегик жиҳатдан тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Уруш Марказий Осиёни Туркия ва Кавказдан бошланиб, Каспий ҳавзаси орқали Жанубий ва Шарқий Осиёгача чўзилган кенгроқ географик занжирнинг муҳим қисмига айлантирди.

Бу жараённинг энг аниқ мисоли – Қозоғистон. Маҳаллий авиакомпаниялар кескинлашув ҳозирги даражага етмасидан олдин ҳам парвоз йўналишларини ўзгартиришни бошлаган эди. Январ ойида «The Times of Central Asia» хабар беришича, «Air Astana» авиакомпанияси Эрон ҳаво ҳудудидан қочиб ўтиш учун Шарм аш-Шайх, Дубай, Доха ва Мадинага парвозларни қайта йўналтирган.

Можаро янада кенгайгач, Эрон ҳаво ҳудуди ёпилиши ва минтақадаги таранглик кучайиши ортидан «Air Astana» Яқин Шарқдаги бир нечта йўналишларга парвозларни бекор қилди. Шунингдек, Қозоғистон Эрон, Исроил, Сурия, Ироқ, Иордания ва Ливан ҳаво ҳудудлари устидан ёки яқинидан парвоз қилишга вақтинчалик тақиқ жорий қилди.

Ўзбекистон ҳам тезкор чоралар кўрди. 2024-йил октябридаёқ «Uzbekistan Airways» хавфсизлик сабаблари билан Ироқ ҳаво ҳудуди ва Эроннинг ғарбий қисми устидан парвоз қилмасликни бошлаган.

Сўнгги кескинлашувдан кейин, 4-март куни Ўзбекистон Яқин Шарқдаги олти мамлакатга парвозларни вақтинча тўхтатди. Бу ҳолат бир нарсани кўрсатади: Марказий Осиё авиакомпаниялари инқироздан четда эмас, улар аллақачон ўз парвоз тармоқлари, жадваллари ва тижорий хавфларини қайта кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, можаронинг кенгроқ иқтисодий оқибатлари минтақавий таъминот занжирларида ҳам сезилмоқда.

Минтақанинг авиация аҳамияти ортиб бормоқда

Бироқ шу нарса аниқки, ҳозир Марказий Осиёнинг авиация тизими бир неча йил аввалгига қараганда анча катта стратегик ва иқтисодий аҳамият касб этмоқда. Қозоғистоннинг ҳаво навигация хизмати «КазАэроНавигация» расмий сайтида маълум қилишича, 2025-йилнинг биринчи ярмида у 216 616 та парвозга хизмат кўрсатган. Шулардан 161 029 таси хорижий авиакомпаниялар томонидан амалга оширилган бўлиб, улар транзит ва қўниш парвозлари сифатида қайд этилган.

Қозоғистон авиация соҳаси ҳам тез суръатларда ўсмоқда. 2025-йилда мамлакат аэропортлари 31,8 миллион йўловчига хизмат кўрсатган, Қозоғистон авиакомпаниялари эса 20,7 миллион йўловчи ташиган.

Бу рақамлар Марказий Осиё авиация тизими чекка бозор эмас, балки ҳақиқий минтақавий аҳамиятга эга бўлган соҳага айланаётганини кўрсатади.

Ўзбекистон ҳам шу йўналишда ҳаракат қилмоқда. Ҳукумат авиация соҳасини кенгайтиришни кенгроқ транспорт стратегиясининг бир қисмига айлантирган. Тошкент вилоятида янги йирик аэропорт қуриш режалари мамлакатнинг мақсадлари фақат ички талаб билан чекланиб қолмаслигини кўрсатади. Тошкент Дубай эмас, аммо жанубий йўналишлардаги анъанавий авиация коридорлари босим остида қолган бир пайтда у аста-секин муҳим минтақавий транзит марказга айланиб бормоқда.

Муаммолар ҳали ҳам бор, имконият ҳам

Албатта, бу Марказий Осиё учун дарҳол катта фойда келади дегани эмас. Узоқроқ айланма йўллар ёқилғи сарфини оширади, экипаж харажатларини кўпайтиради, суғурта тўловларини қимматлаштиради ва парвоз жадвалида хавфларни кучайтиради. Шунинг учун минтақанинг қўшимча стратегик аҳамияти дастлаб йўловчилар сонида эмас, балки ҳаво йўналишларини режалаштириш, ҳаво ҳаракатини бошқариш ва маршрутларнинг барқарорлигини таъминлаш каби соҳаларда намоён бўлиши мумкин. Бу, шунингдек, авиакомпаниялар яқин вақт ичида катта миқдордаги йўловчиларни Марказий Осиё транзит марказлари орқали йўналтиради дегани ҳам эмас. Форс кўрфази аэропортлари ҳали ҳам анча катта тармоқларга, кўпроқ самолёт паркига ва ривожланган транзит тизимларига эга.

Бироқ география тобора мураккаб ва сиёсий тус олмоқда. Эрон ҳаво ҳудуди хавфли ҳисобланмоқда, Форс кўрфази авиация коридорининг айрим қисмлари эса издан чиққан. Бундай шароитда барқарор ҳаво маконини, самарали ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимини ва ишончли инфратузилмани таклиф қила оладиган давлатлар аҳамияти ортиб бориши айтилади.

Ҳозир Марказий Осиё айнан шундай ҳолатда турибди. Кўп йиллар давомида минтақадаги ҳукуматлар ўз ҳудудларининг темирйўл, автомобил ва савдо коридорлари учун стратегик аҳамияти ҳақида гапириб келган. Эрондаги уруш бу баҳсга авиация омилини ҳам қўшди. Шарқ ва Ғарб ўртасидаги анъанавий йўналишлар тобора қисқараётган бир дунёда Марказий Осиё осмони аввалгидан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид