Яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми маълум қилинди

24.02.2026 | 15:171 дақиқа

2025 йилда яшаш ва овқатланиш хизматларида 10,4 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми маълум қилинди

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми қарийб 227 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди. Соҳада 2024 йилга нисбатан 10,4 фоизлик ўсиш қайд этилгани хизматлар бозори барқарор кенгаяётганини кўрсатади.

Мазкур натижа туризм, меҳмонхона бизнеси ва умумий овқатланиш тармоқларида талаб юқори бўлиб қолаётганини англатади. Айниқса, ички туризм ва хизматлар инфратузилмасининг ривожланиши бозор ҳажмига ижобий таъсир кўрсатган.

Энг юқори кўрсаткич

Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилди — 38,7 трлн сўм. Шунингдек, Самарқанд вилоятида 26 трлн сўм, Наманган вилоятида 23,6 трлн сўм ва Фарғона вилоятида 22,8 трлн сўмлик хизмат кўрсатилган. Қашқадарё вилоятида бу кўрсаткич 20 трлн сўмни ташкил этган.

Бошқа ҳудудларда ҳам барқарор ҳажм шаклланган. Тошкент вилоятида 16,1 трлн сўм, Андижон вилоятида 15,1 трлн сўм, Хоразм вилоятида 12,6 трлн сўм ва Қорақалпоғистон Республикасида 12,4 трлн сўм хизмат кўрсатилган. Бухоро вилоятида 11,6 трлн сўм, Сурхондарё вилоятида 9,8 трлн сўм, Жиззах ва Навоий вилоятларида 6,9 трлн сўмдан, Сирдарё вилоятида эса 4,4 трлн сўмлик хизмат қайд этилган.

Мутахассислар фикрича, аҳоли даромадларининг ўсиши ва хизматлар сифати яхшиланиши келгуси йилларда ҳам соҳада ижобий динамикани сақлаб қолиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид