Ер ости қудуғи учун сув ҳисоблагичини онлайн рўйхатдан ўтказиш мумкин

Бугун 17:512 дақиқа

Ўзбекистонда қудуқлар учун сув ҳисоблагичларини ЯИДХП орқали онлайн рўйхатдан ўтказилса, хизмат нархига 10 фоизлик чегилма берилади.

Ер ости қудуғи учун сув ҳисоблагичини онлайн рўйхатдан ўтказиш мумкин © kuban.aif.ru

Ўзбекистонда ер ости сувларидан фойдаланишни назорат қилиш мақсадида қудуқларга ўрнатилган сув ҳисоблагичларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали рўйхатдан ўтказиш ва пломбалаш хизмати ишга туширилди.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали матбуот хизмати маълум қилишича, янги хизмат порталнинг «Геология» бўлимида жойлаштирилган. У орқали ер ости сувларини олиш учун қудуқларга ўрнатилган ҳисоблагичларни расмий рўйхатдан ўтказиш ва пломбалаш мумкин бўлади.

Аризалар сутканинг исталган вақтида қабул қилинади. Мурожаатда сув иншоотининг манзили, қудуқлар сони, ҳисоблагичлар ҳақидаги маълумотлар, жумладан, завод рақами, русуми, модели ва мувофиқлик сертификати кўрсатилиши талаб этилади.

Хизмат нархи

Хизмат қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизини, яъни 206 минг сўмни ташкил қилади. Агар ариза Ягона портал орқали онлайн юборилса, 10 фоизлик чегирма қўлланади ва тўлов миқдори 185 минг 400 сўмга тенг бўлади.

Маҳаллий гидрогеологик станция ҳисоблагични тизимда рўйхатдан ўтказгандан сўнг, солиқ инспекциясининг масъул ходими 10 иш куни ичида объектга чиқиб, қурилманинг ишлашини текширади ва уни пломбалайди.

Сув ҳисоблагичларини рўйхатдан ўтказишга масъул ташкилот

Пломбалаш ишлари якунлангач, далолатноманинг электрон нусхаси ариза берувчининг Ягона портал шахсий кабинетига юборилади. Вазирлар Маҳкамаси 2025 йил сентябрида мазкур хизмат регламентини тасдиқлаган эди.
Ҳужжатга мувофиқ, қудуқларда сув ҳисоблагичларини рўйхатдан ўтказиш учун Геология ва кончилик вазирлиги ҳузуридаги «Ўзбекгидрогеология» ташкилоти масъул этиб белгиланган.

Шунингдек, 30 ноябрдан бошлаб қудуқларда ҳисоблагич ўрнатиш мажбурий ҳисобланади. Артезиан сувларидан ҳисоблагичсиз фойдаланиш тақиқланади. Фақат жисмоний шахсларнинг шахсий ва хўжалик эҳтиёжлари учун суткасига 5 куб метргача сув олиши бундан мустасно ҳисобланади.

Теглар

Мавзуга оид