ЕТТБ «Ўзбекистон темир йўллари»га 38,4 млн евро кредит ажратади
Маблағ темир йўлларда ҳаракатни бошқариш тизимларини рақамлаштириш, ташиш жараёнларини модернизация қилиш ва киберхавфсизликни кучайтиришга йўналтирилади.
© vaqt.uzЕвропа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясини рақамли трансформация қилиш учун 38,4 млн еврогача кредит ажратишни тасдиқлади.
Банк маълумотига кўра, маблағлар поездлар ҳаракатини бошқариш ва юк ҳамда йўловчи ташиш жараёнларини рақамлаштиришга мўлжалланган дастурий таъминотни жорий этиш, шунингдек, киберхавфсизлик тизимларини модернизация қилишга сарфланади.
Лойиҳа доирасида диспетчерлик, режалаштириш ва тезкор бошқарувда қўл меҳнатига асосланган жараёнлар босқичма-босқич рақамли ечимлар билан алмаштирилади. Бу эса темир йўл инфратузилмасини бошқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
ЕТТБ баҳосига кўра, рақамли трансформация темир йўл операцияларининг хавфсизлиги ва ишончлилигини ошириш, соҳада янги стандартларни жорий этиш ҳамда иқтисодий самарадорликни кучайтириш имконини беради. Шунингдек, киберхавфсизлик бўйича жорий этиладиган чоралар халқаро амалиётларга мос бўлади.
Банк мазкур лойиҳа орқали «Ўзбекистон темир йўллари»нинг мамлакат ичидаги ҳамда Транскаспий халқаро транспорт йўлаги орқали амалга ошириладиган юк ва йўловчи ташиш хизматларини оптималлаштиришни мақсад қилган. Қайд этилишича, бу ЕТТБнинг Ўзбекистон давлат секторида рақамли трансформацияни молиялаштиришга қаратилган илк лойиҳаси ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойида Жаҳон банки ҳам Ўзбекистонга транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш учун 200 млн доллар ажратишни маъқуллаган эди. Ушбу дастур доирасида «Ўзбекистон темир йўллари»нинг бизнес жараёнларини янгилаш, корпоратив бошқарув ва молиявий шаффофликни кучайтириш, шунингдек, йўловчи ташиш тизимини такомиллаштириш вазифалари белгиланган.





