add

ЕТТБ Ўзбекистонда энергия сақлаш лойиҳасига $80 млн ажратиши мумкин

Кеча 11:152402 дақиқа

Лойиҳа электр тармоғи барқарорлигини ошириш ва қайта тикланувчи манбалар таъсирини мувозанатлашга қаратилган.

ЕТТБ Ўзбекистонда энергия сақлаш лойиҳасига $80 млн ажратиши мумкин

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда аккумуляторларга асосланган энергия сақлаш тизими лойиҳаси учун 80 млн долларгача кредит ажратиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда банк ахборот хизмати маълум қилди. Молиялаштириш тасдиқланса, лойиҳа электр таъминоти ишончлилигини оширишда муҳим қадам бўлади.

Лойиҳа доирасида қуввати 150 MW бўлган, умумий сиғими 300 MWhга тенг BESS (battery energy storage system — энергияни батареяларда сақлаш тизими) иншооти ишлаб чиқилиши, қурилиши ва эксплуатация қилиниши режалаштирилган. Умумий инвестиция қиймати тахминан 100 млн долларни ташкил этади, кредит эса катта улушни қоплаши кутилмоқда.

Кредит маблағлари махсус ташкил этилган Celest FE LLC лойиҳа компаниясига ажратилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг ҳомийси сифатида Дубайда жойлашган қайта тикланувчи энергетика компанияси AMEA Power иштирок этади. ЕБ молиялаштириш бўйича якуний қарорни 2026 йил 11 февралга қадар қабул қилишни режалаштирган.

Иншоот Тошкент вилоятида жойлаштирилиши кўзда тутилмоқда. У миллий энергетика тизимига ёрдамчи хизматлар кўрсатиб, шамол ва қуёш каби ўзгарувчан генерация манбаларининг салбий таъсирини камайтиради. Бу эса тармоқ барқарорлиги ва электр таъминоти узлуксизлигини мустаҳкамлайди.

2016 йилда ташкил этилган AMEA Power Африка, Яқин Шарқ ва Осиёда умумий қуввати 2,6 GWдан ортиқ тоза энергетика лойиҳаларини амалга оширмоқда. Компания Ўзбекистон бозорида ҳам фаол: жорий йил бошида у 1 GW қувватли шамол электр станцияси ва 300 MWhлик энергия сақлаш тизими бўйича инвестиция келишувларини имзолади. Бу Марказий Осиёда иштирокни кенгайтириш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия улуши 54 фоизга етказилиб, электр таъминоти, трансформация тармоқлари ва минтақавий ҳамкорликни қамраб олган йирик ислоҳотлар амалга оширилиши ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид