
Евроиттифоқ ички ёнув двигателини тўлиқ тақиқлашдан воз кечди
Еврокомиссия 2035 йилдан двигатели ички ёнув двигателли автомобилларни тўлиқ тақиқлаш режасини қайта кўриб чиқди ва эмиссияни қисқартиришга асосланган ёндашувни танлади.

Еврокомиссия автомобил соҳасида экологик ўтиш бўйича режаларини расман қайта кўриб чиқди. Илгари 2035 йилдан бошлаб Европа Иттифоқида янги двигатели ички ёнув двигателли (ИЙД) автомобиллар сотувини тўлиқ тақиқлаш режалаштирилган эди. Бироқ автосаноат вакиллари ва йирик ишлаб чиқарувчиларнинг босими ортидан ушбу қарор юмшатилди.
Янгиланган ёндашувга кўра, 2035 йилдан кейин автомобил ишлаб чиқарувчилар чиқиндиларни тўлиқ йўқ қилиш эмас, балки уларни 90 фоизга қисқартириш бўйича мақсадли кўрсаткични бажариши шарт бўлади. Қолган 10 фоиз чиқиндилар эса компенсация механизми орқали қопланади. Хусусан, Евроиттифоқда ишлаб чиқарилган паст углеродли пўлатдан фойдаланиш, электр ёки биоқўшимчали ёнилғилардан кенгроқ қўллаш назарда тутилмоқда.
Бу қарор ҳибрид автомобиллар ҳамда муайян шартлар асосида ички ёнув двигателига эга моделлар 2035 йилдан кейин ҳам бозорда қолишига имконият яратади. Шу тариқа Евроиттифоқ тўлиқ электромобиллар ва водород транспорт воситаларига ўтиш билан бирга, ўтиш даврида муқобил технологияларни сақлаб қолишни маъқул кўрди.
Автосаноат ушбу қарорни ижобий қабул қилди. Volkswagen компанияси Еврокомиссиянинг янгиланган позициясини «бозор шароитига мос, прагматик ечим», дея баҳолади. Компания фикрича, чиқиндиларни компенсация қилиш орқали ИЙДга рухсат бериш ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар учун мослашувчанликни таъминлайди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қарор Европа автосаноатини кескин ўзгаришлардан асраб, ишлаб чиқариш занжирлари ва иш ўринларига бўлган босимни юмшатиши мумкин. Шу билан бирга, экологик мақсадлардан воз кечилмаяпти: асосий эътибор чиқиндиларни реал камайтириш ва саноатни «яшиллаштириш»га қаратилган.





