add

Евроиттифоқ ва G7 Россияга денгиз орқали нефт ташишни тўлиқ тақиқламоқчи

Бугун 09:281892 дақиқа

Евроиттифоқ ва G7 2026 йил бошида амалга кириши кутилган янги санкциялар орқали Россия нефтини денгиз орқали ташишга оид барча хизматларни тўлиқ тақиқлашни муҳокама қилмоқда.

Евроиттифоқ ва G7 Россияга денгиз орқали нефт ташишни тўлиқ тақиқламоқчи

Европа Иттифоқи ва «катта еттилик» давлатлари Россия нефт савдосини чеклаш бўйича энг кескин чораларни кўриб чиқмоқда. Reuters манбаларига кўра, Брюссел ва G7 мамлакатлари мавжуд «юқори нарх чегараси» механизмидан тўлиқ воз кечиб, Россия нефтнинг денгиз орқали ташилишига хизмат кўрсатишни бутунлай тақиқлаш таклифини муҳокама қилмоқда. Янги чекловлар 2026 йил бошида қабул қилиниши кутилмоқда.

Ҳозирги механизмга кўра, Ғарб танкер ва суғурта компанияларига Россия нефтни ташишга фақат баррели 47,6 доллардан паст нархда сотилган тақдирда хизмат кўрсатишга рухсат берилади. Бу қоида туфайли Россия нефтининг тахминан учдан бири ҳали ҳам ғарб танкерлари — асосан Греция, Кипр ва Малта компаниялари орқали ташилмоқда.

Янги санкциялар эса бу амалиётга нуқта қўяди. Reuters манбалари айтишича, ЕИ аввало бу ғояни G7 ҳамкорлари билан келишиб олади. Британия ва АҚШ қарши эмас, аммо Вашингтоннинг якуний қарори Украина бўйича музокаралар ва Доналд Трамп маъмурияти танлаётган сиёсий тактикага боғлиқ бўлади.

CREA маълумотларига кўра, жорий йил октябр ойида Россия нефти экспортининг 38 фоизи G7 танкерлари томонидан ташилган. Қолган барреллар «хуфиёна флот» — Кремл санкцияларни айланиб ўтиш учун йиғган танкерлар томонидан етказилган. Улар орасида 44 фоизи санкциялар остида турган кемалар, 18 фоизи эса ҳали «қора рўйхат»ка киритилмаган флотга тўғри келади.

Ҳозирги пайтда дунёдаги «хуфиёна флот» 1423 танкердан иборат бўлиб, улар нафақат Россия, балки Эрон ва Венесуэла экспортини ҳам хизмат билан таъминлайди. Америка, Британия ёки ЕИ санкция рўйхатларига киритилган кема сони 921 тани ташкил этади.

Экспертлар фикрича, тўлиқ тақиқ Россиянинг логистика стратегияси ва нефт экспортига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид