Logo

Европа инвестиция банки Тошкентда Марказий Осиё штабини очди

Бугун 14:552 дақиқа

Европа инвестиция банки Тошкентда Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонасини очди. Банкнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар портфели 1 млрд еврога етган бўлиб, транспорт, энергетика, сув таъминоти ва рақамлаштириш соҳаларини қамраб олмоқда.

Европа инвестиция банки Тошкентда Марказий Осиё штабини очди © Yevropa Ittifoqi delegatsiyasi

Европа инвестиция банки (ЕИБ) Тошкентда Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонасини очди. Компания бу ҳақда Vaqt.uz’га маълум қилди.

Маросим 18 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ-2026) доирасида бўлиб ўтди.

Банк вице-президенти Марек Моранинг таъкидлашича, ЕИБ сўнгги йилларда Марказий Осиёдаги иштирокини фаол кенгайтириб, минтақа бўйича инвестиция лойиҳалари портфелини изчил ошириб бормоқда.

2009 йилдан буён банк Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда қатор лойиҳаларни молиялаштириш бўйича келишувларни имзолаган. Ҳозирда банкнинг асосий устувор йўналишлари қаторида Транскаспий транспорт йўлаги, минтақавий рақамли алоқадорлик, шунингдек, Роғун ва Қамбарота-1 гидроэлектр станциялари каби йирик энергетика лойиҳалари бор.

Ўзбекистон 2017 йилда ЕИБ билан ҳамкорлик бўйича ҳадли битим имзолагандан сўнг банкнинг Марказий Осиёдаги энг муҳим ҳамкорларидан бирига айланди.

Ҳозирда томонлар «Ўзбекистон — 2030» стратегияси ҳамда Европа Иттифоқининг Global Gateway ташаббуси доирасида қатор йўналишларда иш олиб бормоқда. Улар орасида:

      Транскаспий йўлаги доирасида экологик ва хавфсиз транспорт инфратузилмасини ривожлантириш;

      яшил энергетика ва сув ресурсларини барқарор бошқаришга ўтиш;

      рақамли алоқадорликни кучайтириш;

      соғлиқни сақлаш соҳасида таъминот занжирларини мустаҳкамлаш ва вакцина ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

      стратегик аҳамиятга эга минераллар соҳасида маҳаллий саноат занжирларини ривожлантириш каби вазифалар мавжуд.

Банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонда кўриб чиқилаётган ва тайёрланаётган операцияларнинг умумий ҳажми, имзоланган битимлар ва англашув меморандумларини ҳисобга олганда, 1 миллиард еврога етган.

ТХИФ-2026 доирасида ЕИБ ва «Ўзсувтаъминот» Тошкентда Сурум оқова сув тозалаш иншоотини қуриш лойиҳаси бўйича маслаҳат ҳамкорлигини йўлга қўйиш имкониятларини ўрганишга келишиб олди.

Лойиҳа барча техник ва молиявий текширувлардан муваффақиятли ўтса, суткасига 300 минг куб метр оқова сувни қайта ишлаш қувватига эга замонавий иншоот қурилиши мумкин. Бу пойтахтдаги канализация ва оқова сувларни тозалаш тизими сифатини сезиларли даражада яхшилаши кутилмоқда.

Марек Моранинг қайд этишича, Тошкентдаги ваколатхона банкка минтақадаги ҳамкорлар билан янада яқин ишлаш ва инвестиция ташаббусларини тезроқ амалий лойиҳаларга айлантириш имконини беради.

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов эса ЕИБ офисининг очилиши мамлакат учун янги молиялаштириш имкониятлари ва халқаро эксперт салоҳиятидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришини таъкидлади.

Теглар

Мавзуга оид