Европа Иттифоқи 2027 йилгача ягона интеграциялашган бозорга ўтади
Европа Иттифоқи етакчилари «Ягона Европа, ягона бозор» ташаббусини қўллаб, 2027 йилгача чуқур интеграциялашган иқтисодий макон яратиш бўйича келишувга эришди.

Европа Иттифоқи Кенгаши раиси Антониу Кошта Белгияда ўтган норасмий саммит якунлари бўйича етакчилар «Ягона Европа, ягона бозор» таклифини қабул қилганини маълум қилди. Унинг айтишича, 1992 йилда умумий бозордан ягона бозорга ўтилган бўлса, энди интеграциялашган ва ягона бозорга ўтиш даври бошланмоқда.
Кошта бу жараён 2026–2027 йилларда амалга оширилиши кераклигини таъкидлади. Етакчилар италиялик собиқ бош вазир Энрико Летта таклиф қилган парчаланган бозордан тўлиқ интеграциялашган бозорга ўтиш ғоясини маъқуллади.
Шунингдек, компаниялар учун «28-режим» жорий этиш бўйича келишувга эришилди. Бу механизм орқали корхоналар 27 давлат ҳудудида ягона ва соддалаштирилган қонунчилик асосида фаолият юритиши мумкин бўлади.
Интеграциянинг асосий йўналишлари
Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен март ойидаги навбатдаги саммитга қадар аниқ йўл харитаси ва амалий режа тақдим этилишини билдирди. Унга кўра, стратегиянинг биринчи устуни — компаниялар учун маъмурий юкни камайтириш.
Иккинчи устун — ягона бозордаги тармоқ ва қонунчилик парчаланишини бартараф этиш. Бу рақобатбардошликни ошириш ва хусусий сармояларни фаоллаштиришга хизмат қилади.
Етакчилар электр энергияси нархларини тушириш ва стратегик соҳаларни қўллаб-қувватлаш масалаларида ҳам умумий позицияга келди. Кошта «Кўпроқ сармоясиз рақобатбардошлик бўлмайди» дея таъкидлади.
Янги босқич
Фон дер Ляйен энергия нархлари ҳали ҳам юқори эканини қайд этиб, инфратузилмани яхшилаш орқали паст углеродли арзон энергияни етказиб бериш механизмлари кучайтирилишини билдирди.
Европа Иттифоқи 2027 йил охирига қадар «Ягона Европа, ягона бозор» мақсадига эришишни режалаштирмоқда. Брюссель буни иқтисодий рақобат учун ҳал қилувчи босқич сифатида баҳоламоқда.





