Европа Иттифоқи «Temu» платформасини жаримага тортди

Бугун 13:202 дақиқа

Платформа хавфли маҳсулотлар савдосини етарлича назорат қилмагани учун 200 млн евро миқдорида жаримага тортилди.

Европа Иттифоқи «Temu» платформасини жаримага тортди © yahoo.com

Европа Иттифоқи Хитойнинг онлайн-маркетплейси«Temu»ни 200 миллион евро миқдорида жарима солди. Европа комиссияси маълумотига кўра, платформа орқали хавфли болалар ўйинчоқлари, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган зарядловчи қурилмалар ва бошқа ноқонуний маҳсулотлар сотилган.

Текширув натижаларига кўра, компания сотувга қўйилган товарлар билан боғлиқ хавфларни аниқлаш ва баҳолаш бўйича самарали тизим ярата олмаган. Шунингдек, истеъмолчилар хавфсизлигига таҳдид солувчи маҳсулотларнинг тарқалишига қарши етарли чоралар кўрилмагани қайд этилган.

Тергов икки йилга яқин давом этди

«Temu» фаолияти бўйича расмий текширув 2024 йил октябрида бошланган. Орадан бир неча ой ўтиб, Европа Иттифоқи регуляторлари компания истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва товарлар хавфсизлиги соҳасидаги муҳим талабларни бузган бўлиши мумкинлиги ҳақида дастлабки хулосаларни эълон қилган.

Тергов жараёнида мустақил экспертлар платформа орқали назорат харидларини амалга оширган. Таҳлиллар натижасида сотиб олинган кўплаб зарядловчи қурилмалар электр хавфсизлиги бўйича базавий синовлардан ўта олмагани маълум бўлган. Бундан ташқари, айрим болалар ўйинчоқлари таркибида рухсат этилган меъёрдан юқори даражада хавфли кимёвий моддалар аниқланган.

Шунингдек, «Temu» жаримадан ташқари 28 августга қадар аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича батафсил режани Европа комиссиясига тақдим этиши шарт. Шундан сўнг Европа регулятори икки ой давомида таклиф қилинган чораларнинг самарадорлиги ва амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини баҳолайди.

Бироқ «Temu» бу қарорга қарши чиқмоқда. Компания вакиллари жарима миқдорини номутаносиб деб баҳолаб, ўз позицияларини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий чоралар кўришини маълум қилган.

Теглар

Мавзуга оид