
Европа Иттифоқи Украинага 2,3 млрд евролик олтинчи траншни ажратади
Украина Европа Иттифоқи белгилаган асосий ислоҳот босқичларини бажариб, молиявий қўлловнинг навбатдаги йирик қисмига эга бўлмоқда.

Европа Иттифоқи Кенгаши маълумотларига кўра, Украина Ukraine Facility механизми доирасида 2,3 млрд евро миқдоридаги олтинчи траншни олиш учун талаб қилинган шартларни тўлиқ бажарди. ЕИ бу маблағни мамлакатнинг макромолиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва давлат бошқаруви тизимини қўллаб-қувватлашга йўналтиради. Кенгаш баёнотида Украина саккизта янги қадам ва аввалги траншдан қолган битта талабни ҳам муваффақиятли адо этгани таъкидланди.
Ukraine Facility дастури бўйича Украина ҳозиргача белгиланган 68 шартнинг 63 тасини бажарган. Бундан олдин, ноябр ойи бошида Киевга 1,8 млрд евродан ортиқ маблағ ўтказилган эди. ЕИ Кенгаши траншнинг давомийлигини Украина томонининг Евроиттифоққа қўшилиш мақсадларига мувофиқ ислоҳотларга содиқ қолиши билан изоҳламоқда.
Сўнгги йилларда Украина учун йирик молиявий қўлловлар тасдиқланиб келмоқда. Жумладан, 2025 йил апрелида 3,5 млрд евро, августда 3,2 млрд евро, 2024 йил декабрида 4,1 млрд евро ва августда 4,2 млрд евро ажратилган. Шу билан бирга, ЕИ Украинага 6 млрд евролик оралиқ ва 1,89 млрд евролик аванс молиялаштиришни ҳам амалга оширган.
2024 йил март ойида ишга туширилган Ukraine Facility механизми 2027 йилгача Украинага 50 млрд еврогача барқарор молиявий қўллов тақдим этишни кўзда тутади. Брюсселга кўра, траншлар ҳар чоракда, Еврокомиссия ислоҳотлар бажарилганини тасдиқлагандан сўнг амалга оширилади. Маблағлар мамлакатнинг тикланиш режаси, демократик институтлар, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган.





