Европа Иттифоқи ёз ойларида болалар учун ижтимоий тармоқларни чекламоқчи

Европа Иттифоқи болалар ва ўсмирларни ижтимоий тармоқлар таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида ёз фаслидаёқ янги чекловлар жорий этиши мумкин.

Европа Иттифоқи ёз ойларида болалар учун ижтимоий тармоқларни чекламоқчи © yahoo.com

Еврокомиссия раиси Урсула вон дер Ляен ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун минимал ёш масаласи энди эътиборсиз қолдирилмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, технологиялар тез суръатларда ривожланиб, болалар ҳаётининг барча соҳаларига кириб бормоқда.

Европа расмийлари медиакомпанияларни болалар хавфсизлигига оид қоидалар ва тавсияларга етарлича амал қилмаётганликда айбламоқда. Шу боис, Европа Иттифоқининг аксар давлатлари ижтимоий тармоқлар учун қатъий ёш чекловларини жорий этиш зарурлигини қўллаб-қувватлаяпти.

Ягона қоидалар ишлаб чиқилмоқда

Маълум қилинишича, Европа Комиссияси болаларга ижтимоий тармоқлар таъсирини баҳолаш учун мустақил экспертлар гуруҳини тузган. Агар тадқиқот натижалари хавф юқори эканини тасдиқласа, шу ёздаёқ янги қонун лойиҳаси тақдим этилади.

Сўнгги ойларда Европанинг бир қатор давлатлари «тармоқда балоғатга етиш» концепцияси асосида миллий қоидаларни ишлаб чиқди. Айрим мамлакатларда бундай чекловлар аллақачон кучга кирган.

Ёшни аниқлаш муаммоси

Брюсселда бутун Европа Иттифоқи учун ягона техник механизм жорий этиш зарурлиги таъкидланмоқда. Асосий муаммолардан бири — фойдаланувчилар ёшини ишончли текшириш усулини топиш ҳисобланади.

Бир ой аввал Европа Иттифоқи фойдаланувчилар ёшини тасдиқлашга мўлжалланган махсус илова техник жиҳатдан тайёр эканини маълум қилган эди. Аммо айрим давлатлар унинг хавфсизлиги ва шахсий маълумотлар ҳимояси бўйича хавотир билдирмоқда.

Болаларга ижтимоий тармоқларни тақиқлаган давлатлар

Эслатиб ўтамиз, Австралияда 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланган эди. Австралия бундай тақиқни жорий этган дунёдаги биринчи давлат бўлди ва бу қарор кўплаб ота-оналар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Франция парламентининг қуйи палатаси (Миллий ассамблея) ҳам 15 ёшдан кичик ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Франциядан сўнг Испания Бош вазири Педро Санчес Мадрид вояга етмаганларни «рақамли Ёввойи Ғарб»дан ҳимоя қилиш учун 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларга киришни тақиқлашини эълон қилди.

Литва парламентида ҳам 16 ёшдан кичик болалар учун ижтимоий тармоқларга киришни қонун билан чеклаш ва платформаларга фойдаланувчилар ёшини текшириш мажбуриятини юклаш таклиф этилди.

Қозоғистонда ҳам 14 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни чеклаш бўйича чақириқлар янграмоқда.

Теглар

Мавзуга оид