Австрия болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқламоқчи

Бунгача Австралия, Франция ва Испания каби давлатлар ҳамболаларга ижтимоий тармоқларга киришни чеклаган эди. Қозоғистонда ҳам 14 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни чеклаш бўйича чақириқлар янграмоқда.

Австрия болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқламоқчи

Австрияда ҳукумат 14 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни режалаштирмоқда — тегишли қонун лойиҳаси тайёрланмоқда. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Австрия ҳукумати сайтида келтирилишича, бугун, 27-март куни болалар ва ёшларни интернетда ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар пакети тақдим этилган. Лойиҳада Instagram, TikTok ва Snapchat каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун мажбурий 14 ёш чегарасини белгилаш кўзда тутилган.

Австрия вице-канцлери Андреас Баблер «ижтимоий тармоқлар болаларга салбий таъсир кўрсатади», деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, интернетда улар ҳақиқатдан йироқ бўлган гўзаллик стандартлари, зўравонликни тарғиб қилиш, дезинформация ва манипуляцияларга дуч келишмоқда.

Баблернинг таъкидлашича, корпорациялар болалар фойдаланиши мумкин бўлган зарарли маълумотлар оқимини тартибга солмаяпти ва фақат фойда олишдан манфаатдор. Ҳукумат, шунингдек, мажбурий «ОАВ ва демократия» мактаб фанини жорий этишни режалаштирмоқда. Бу фан болаларга ОАВнинг жамоатчилик фикри ва руҳий саломатликка таъсири ҳақида сўзлаб беради, уларни дезинформацияни аниқлашга ўргатади ва қарашларнинг радикаллашувига чидамлиликни оширади.

Ижтимоий тармоқларга киришни тартибга солувчи қонун лойиҳаси июн ойи охиригача тайёрланиши кутилмоқда.

Болаларга ижтимоий тармоқларни тақиқлаган давлатлар

Эслатиб ўтамиз, Австралияда 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланган эди. Австралия бундай тақиқни жорий этган дунёдаги биринчи давлат бўлди ва бу қарор кўплаб ота-оналар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Франция парламентининг қуйи палатаси (Миллий ассамблея) ҳам 15 ёшдан кичик ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Франциядан сўнг Испания Бош вазири Педро Санчес Мадрид вояга етмаганларни «рақамли Ёввойи Ғарб»дан ҳимоя қилиш учун 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларга киришни тақиқлашини эълон қилди.

Литва парламентида ҳам 16 ёшдан кичик болалар учун ижтимоий тармоқларга киришни қонун билан чеклаш ва платформаларга фойдаланувчилар ёшини текшириш мажбуриятини юклаш таклиф этилди.

Қозоғистонда ҳам 14 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни чеклаш бўйича чақириқлар янграмоқда.

Теглар

Мавзуга оид