Европада электромобиллар савдоси «учмоқда»: Эрон уруши туфайли бензин кескин ошди

Бугун 07:552 дақиқа

Эрон уруши сабабли Европа Иттифоқида бензин нархи 2 евродан ошди. Бу ҳайдалган электромобилларга бўлган талабни рекорд даражада ошириб юборди.

Европада электромобиллар савдоси «учмоқда»: Эрон уруши туфайли бензин кескин ошди

2026-йил феврал охирида бошланган Эрон уруши жаҳон нефт етказиб бериш занжирининг 20 фоизи ўтадиган муҳим йўлларни тўсиб қўйди. Бу Европа Иттифоқидаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин нархининг атиги уч ҳафта ичида 12 фоизга ошишига ва литри учун ўртача 1,84 еврога етишига олиб келди. Нархларнинг 2 евролик психологик чегарадан ошиши истеъмолчиларнинг танловига кескин таъсир кўрсатди. Франциянинг «Aramisauto» ритейлери маълумотларига кўра, электрокарларнинг сотувдаги улуши қисқа вақт ичида икки баравар кўпайиб, 12,7 фоизга етган.

Шу билан бирга, анъанавий бензинли автомобиллар улуши 34 фоиздан 28 фоизга, дизелли машиналар эса 10 фоизгача тушиб кетди. «Reuters» нашрининг хабар беришича, бу тренд бутун қитъани қамраб олган.

Масалан, Норвегияда электромобиллар сотув ҳажми бўйича илк бор дизелли моделларни ортда қолдирди. Германияда эса «mobile.de» платформасида электрокарлар бўйича сўровлар сони март ойи бошидан бери уч баравар кўпайиб, жами қидирувларнинг 36 фоизини ташкил этди. Марказий ва Шимолий Европада ҳам қизиқиш юқори бўлиб, Польшада электрокарларга бўлган эътибор 39 фоизга, Португалияда эса 54 фоизга ошган. Швециянинг «Blocket» сайтида электромобиллар ҳақидаги эълонларни кўришлар сони 17 фоизга кўпайгани кузатилди.

Истеъмолчиларнинг бундай оммавий равишда «яшил» транспортга ўтиши энергия хавфсизлиги ва иқтисодий тежамкорлик омиллари билан изоҳланмоқда. Бу эса иккиламчи бозордаги нархларнинг ҳам мутаносиб равишда кўтарилишига замин яратди.

 

Нега айнан ҳайдалган электромобиллар?

Экспертлар истеъмолчиларнинг айнан иккиламчи бозорни танлаётганининг учта асосий сабабини келтиришмоқда:

  • Нарх: Ҳайдалган моделлар янгиларига қараганда ўртача 40 фоизгача арзонроқ тушади.

  • Тезкорлик: Янги электромобилларни эҳтиёт қисмлар тақчиллиги сабабли ойлаб кутиш керак, иккинчи қўл машиналарни эса ўша куннинг ўзида олиб кетиш мумкин.

  • Ишонч: Аккумулятор батареясининг ҳолати ҳақида махсус сертификатларнинг пайдо бўлиши харидорлардаги техник шубҳаларни бартараф этди.

 

Автоишлаб чиқарувчиларнинг маркетинги

Автомобиль брендлари ёқилғи инқирозидан ўз реклама кампанияларида фаол фойдаланишга киришди. Масалан, Хитойнинг «SAIC» компаниясига тегишли бўлган «MG» бренди Францияда «Эҳтимол, автомобилни қандай бошқариш ҳақида қайта ўйлаб кўриш вақти келгандир?» шиори остида кампания бошлади. Бу орқали компания бензиннинг қимматлигига ва электромобилларнинг афзаллигига тўғридан тўғри ишора қилмоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, глобал беқарорликнинг оқибатлари узоқ давом этиши мумкинлиги сабабли, электромобилларга бўлган бундай кучли талаб фақат кучайиб боради. Истеъмолчилар энди нафақат экология, балки иқтисодий омон қолиш нуқтайи назаридан ҳам электрокарларни асосий муқобил сифатида кўришмоқда.

Теглар

Мавзуга оид