
Европага саёҳат қилувчи ўзбекистонликлар сони 38 фоизга ошди — Aviasales
10.10.2025 | 08:3826213
Европага парвозлар ичида энг оммабоп йўналишлар Рига ва Вилнюс бўлиб, уларга қизиқиш мос равишда 63 ва 39 фоизга ўсган.

Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистон фуқароларининг Европага саёҳатларга бўлган талаб 38 фоизга ошган. Бу ҳақда Aviasales Uzbekistan маълумотларига асосланиб, Spot нашри маълум қилмоқда.
Ўртача саёҳат давомийлиги 19 кунни ташкил этган, болалар билан сафар қилувчи оилалар улуши эса 7 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, чипталарнинг ўртача нархи 6,6 фоизга пасайгани қайд этилган.
Энг кўп танланадиган йўналишлар қаторида Рига, Франкфурт, Вилнюс, Берлин, Варшава, Мюнхен, Вена, Париж, Будапешт ва Прага бор. Дастлабки беш йўналиш умумий бронлаштиришларнинг ярмига яқинини ташкил этади.
Рига ва Вилнюсга сафарлар бўйича талаб кескин ошган — мос равишда 63 ва 39 фоизга. Аналитиклар бу ҳолатни нафақат туризм, балки меҳнат миграцияси ва ўқиш билан боғламоқда.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йилнинг иккинчи чорагида Латвия, Литва ва Эстониядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилга нисбатан 65,6 фоизга ошган.
Aviasales’нинг мамлакат бўйича менежери Руслан Байгануровнинг таъкидлашича, Рига ва Вильнюс йўналишларига қизиқишнинг ўсиши фақат туризм билан эмас, балки иш, ўқиш ва оилавий сабаблар билан боғлиқ.
Энг қиммат йўналиш сифатида Париж сақланиб қолган. Шу билан бирга, Германия умумий бронлаштиришлар бўйича етакчи бўлиб турибди. Ўзбек йўловчиларининг қизиқиши айниқса Шарқий Европа ва Болтиқбўйи давлатларига нисбатан ўсмоқда.





