
Йил бошидан бери чиқиндиларни ноқонуний ташлаш бўйича 1 млрд сўмга яқин жарима белгиланди
2025 йил бошидан бери чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш бўйича 10 мингтага яқин ҳолат қайд этилди. Бу ҳолатлар IP-камералар орқали Экология вазирлиги томонидан аниқланган.

2025 йил январидан ноябр ойигача бўлган даврда Ўзбекистон бўйлаб чиқиндиларни белгиланмаган ёки ноқонуний жойларга ташлаш билан боғлиқ 9817 та ҳолат аниқланган. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур қоидабузарликларнинг 3714 таси транспорт воситалари, 6103 таси эса фуқаролар томонидан содир этилган. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг махсус ишчи гуруҳи томонидан республика бўйлаб ўрнатилган IP-камералар ёрдамида кузатувлар олиб борилган.
Аниқланган ҳолатлардан 2232 таси бўйича тегишли маъмурий чоралар кўрилган. Қолган 7585 та ҳолат бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.
Энг кўп қоидабузарликлар Андижон (3001 ҳолат), Наманган (2937 ҳолат) ва Фарғона (1645 ҳолат) вилоятларида қайд этилган. Шунингдек, Самарқанд вилоятида 981, Тошкент вилоятида 434, Сурхондарёда 250 ва Сирдарё вилоятида 144 ҳолат аниқланган. Энг кам ҳолатлар Бухоро вилоятида (2 ҳолат) кузатилган.
Маъмурий жавобгарликка тортилган ҳолатлар бўйича умумий жарима миқдори 956 миллион 887 минг сўмни ташкил этган. Вазирликнинг маълум қилишича, ўрнатилган камералар нафақат чиқиндиларни ноқонуний ташлашни, балки бошқа турдаги экологик ҳуқуқбузарликларни ҳам аниқлаш имконини бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида чиқинди хизматларидан қарздор бўлган 6 мингга яқин фуқарога электр энергияси тўловларига вақтинча чеклов қўйилгани ҳақида хабар бергандик.





