
Йил давомида банклар аҳолидан 19,4 млрд доллар валюта сотиб олган
2025 йилнинг январ-ноябр ойларида ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган умумий таклиф ҳажми ўсиш суръати, талаб ҳажми ўсиш суръатидан бироз юқори бўлди. Таклифнинг тезроқ ўсиши эса сўм қадрининг мустаҳкамланишига туртки бўлган.

2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистон ички валюта бозорида хорижий валюта таклифининг ўсиш суръати талаб ўсишидан юқорироқ бўлди. Мазкур нисбат миллий валюта барқарорлиги ва сўм қадрининг мустаҳкамланишида ҳал қилувчи омил сифатида баҳоланмоқда.
Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг 11 ойи давомида чет эл валютасига бўлган умумий талаб ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ошган. Шу даврда валюта таклифи 26 фоизга ўсди. Айниқса, юридик шахслар сегментида валюта таклифининг 35 фоизга кўпайиши бозордаги таклиф босимини кучайтирди, талаб эса 24 фоизга ошди.
Экспорт тушумлари ҳам валюта бозоридаги таклифни қўллаб-қувватлаган муҳим манба бўлди. Олтинсиз экспорт ҳажми 16 миллиард долларга етди. Ушбу маблағнинг 8,9 миллиард доллари ички валюта бозорида сотилиб, қўшимча валюта оқимини таъминлади. Бу кўрсаткичлар 2024 йилга нисбатан сезиларли ўсишни намоён этди.
Аҳоли иштирокидаги операциялар ҳам юқори фаолликни кўрсатди. Жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган валюта ҳажми 19,4 миллиард долларга етди, бу ўтган йилга нисбатан 4,8 миллиард долларга кўп. Шу билан бирга, банклар аҳолига 10,6 миллиард доллар валюта сотди, мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 25 фоизга ошди.
Халқаро пул ўтказмалари ҳам бозордаги таклифни рағбатлантирган асосий омиллардан бири бўлди. Январь–ноябрь ойларида мамлакатга 17,3 миллиард доллар миқдорида пул ўтказмалари келиб тушиб, ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайди.
Натижада, 2025 йил бошига нисбатан сўм алмашув курси 7,5 фоизга мустаҳкамланди. Экспорт тушумлари, пул ўтказмалари, хорижий кредитлар, импорт тўловларининг нисбатан барқарорлашуви ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миллий валюта барқарорлигини таъминлаган асосий омиллар сифатида қайд этилди.





