ЕОИИ давлатлари Арманистонни референдум ўтказишга чақирди

Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия Арманистондан Европа Иттифоқи ёки ЕОИИни танлаш бўйича умумхалқ референдуми ўтказишни талаб қилди.

ЕОИИ давлатлари Арманистонни референдум ўтказишга чақирди © sputnik

Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия раҳбарлари Арманистонни Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ўртасидаги танловни аниқлаш учун имкон қадар тезроқ умумхалқ референдумини ўтказишга чақирди.

Александр Лукашенко, Қосим-Жўмарт Тўқаев, Садир Жапаров ва Владимир Путин имзолаган қўшма баёнотда Арманистон фуқаролари мамлакатнинг келгуси интеграция йўналиши бўйича қарор қабул қилиши кераклиги таъкидланган.

ЕОИИ огоҳлантирмоқда

Баёнотга кўра, 2026 йил декабр ойида бўлиб ўтадиган Олий Евросиё иқтисодий кенгаши йиғилишида Арманистоннинг ЕОИИ билан муносабатларини чеклаш эҳтимолининг иқтисодий оқибатлари юзасидан махсус ҳисобот тақдим этилади.

Ҳужжатда Арманистоннинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишга интилиши ЕОИИ мамлакатларининг иқтисодий хавфсизлиги учун муайян хатарларни келтириб чиқариши мумкинлиги қайд этилган.

Россия президенти Владимир Путин Ереванни ЕОИИдан чиқиш мамлакат иқтисодиёти учун оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Унинг айтишича, бу ҳолат эркин савдо имтиёзларининг бекор қилиниши, божхона назоратининг тикланиши ҳамда техник ва фитосанитар стандартларнинг ўзаро тан олиниши тўхтатилишига олиб келади.

Ереван шошилмаяпти

Путин, шунингдек, Россияда меҳнат қилаётган Арманистон фуқаролари учун ҳам янги чекловлар пайдо бўлиши мумкинлигини айтди. Унинг баҳолашича, ЕОИИдан чиқиш Арманистон ялпи ички маҳсулотининг камида 14 фоизга қисқаришига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Аввалроқ Москва Ереван Европа Иттифоқига интеграция жараёнини давом эттирса, энергетика соҳасидаги айрим келишувлар қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини билдирган.

Шунингдек, Россия май ойи охирида Арманистондан айрим қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари импортини чеклади.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян эса ҳозирча ЕОИИдан чиқиш масаласи кун тартибида эмаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, мамлакат иттифоқнинг тўлақонли аъзоси бўлиб қолмоқда ва бундай масала фақат объектив зарурат туғилгандагина кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, 2025 йилда Арманистон парламенти мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошлаш ҳақидаги қонунни қабул қилган. Май ойида ўтган Арманистон — ЕИ саммитида Пашинян мамлакатнинг Европа билан яқинлашуви давом этишини таъкидлади.

Теглар

Мавзуга оид