
«Йўл ҳаракати бошқаруви марказини ташкил этиш тирбандликни 30-40 фоизгача камайтиради» — Тошкент шаҳар ҳокими
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг фикрига кўра, ягона йўл ҳаракати бошқаруви марказининг ташкил этилиши йўллардаги тирбандликни сезиларли қисқартиради ва экологик юкни камайтириши мумкин.

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида пойтахтдаги йўл тирбандликлари ва уларнинг атроф-муҳитга таъсири ҳақида гапириб, муаммони ҳал этишнинг асосий йўли марказлашган бошқарув эканини таъкидлади.
«Бизнинг (пойтахтдаги) автомобил йўлларимиз 400 минг машина учун мўлжалланган, аммо бугун кўчаларда 1 миллиондан ортиқ автомобил ҳаракатланмоқда», — деди ҳоким.
Ҳокимлик томонидан халқаро мегаполислар — Сеул, Сингапур, Шэнжэн, Дубай ва Москва тажрибалари ўрганилганилиб, бу борада комплекс ёндашув зарур деган хулосага келинган.
«Бугун йўлларни бошқариш бизда олти хил соҳадан келган вакиллар томонидан амалга оширилади, яна олти ташкилот бу жараёнда иштирок этади… Бошқарув бир марказга жамланмагани учун йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича аниқ стратегия мавжуд эмас эди», — деди Шавкат Умурзоқов.
Шаҳарда ташкил этилиши режалаштирилган Ягона йўл ҳаракати бошқаруви маркази ташкил этиш барча функцияларни бир қўлда жамлаб, авваламбор Тошкент транспорт тизимининг бош режасини ишлаб чиқади. Мазкур ҳужжат йўловчилар, велосипед ва электросамокат фойдаланувчилари, юк ва енгил автомобил ҳайдовчилари эҳтиёжларини қамраб олади.
«Қайси кўчалардан ва қайси вақтларда юк машиналари ҳаракатланиши мумкинлигини белгилаш, микромобиллик учун шарт-шароит яратиш зарур… Бугун одамлар электросамокат ёки велосипедда 5 километр юриб, керакли манзилга тўсиқсиз ета олмайди. Бу эса аниқ ҳисоб-китобларни талаб қилади», — деди Шавкат Умурзоқов.
Ҳоким таъкидлаганидек, бош режа қабул қилингач, барча йўл таъмири ва ривожлантириш ишлари ягона дастур асосида амалга оширилади. Фуқаролар ва сайёҳлар махсус илова орқали ҳаракатнинг энг тезкор йўналишини билиши, режалаштирилган таъмир туфайли олдиндан огоҳланиши мумкин бўлади.
Унинг сўзларига кўра, бу ечимларнинг барчасини рақамлаштиришсиз амалга ошириб бўлмайди. «Бош режа доирасидаги муаммолар аниқлангандан сўнг, рақамлаштириш ечимлар ва назорат механизмларини тақдим этади. Бу шаффофлик ва тезкорликни таъминлайди».
Шавкат Умурзоқов, шунингдек, ягона марказнинг ташкил этилиши йўллардаги тирбандликни сезиларли даражада камайтиришини таъкидлади: — «Агар ушбу марказ ташкил этилса ва ўз вазифаларини бажара бошласа, транспорт тирбандлиги камида 30-40 фоизга камаяди».
Эслатиб ўтамиз, Президент ҳузуридаги тақдимотда Тошкент шаҳрида ягона йўл ҳаракатини бошқариш марказини яратиш таклиф қилинган.





