Logo

Йўлларда мобил радарлар борлигини махсус йўл белгилари билан кўрсатиш талаби бекор қилинди

Кеча 11:061 дақиқа

Энди радар ўрнатилганини махсус белгилар орқали кўрсатиш мажбурияти фақат стационар радарларгагина татбиқ этилади.

Йўлларда мобил радарлар борлигини махсус йўл белгилари билан кўрсатиш талаби бекор қилинди © IIB YHXB matbuot bo‘linmasi

Ўзбекистондаги автомобил йўлларида мобил радарлар мавжудлиги ҳақида олдиндан огоҳлантириш талаби бекор қилинди. Ҳукуматнинг 2026-йил 30-октябрда кучга кирган қарори билан мобил радарлар борлиги мажбурий огоҳлантирилиши ҳақидаги талаб олиб ташланди.

Амалдаги тартибга кўра, 2025-йил 15-майдаги 318-сон қарорнинг 9-бандида 2025-йил 1-сентябрдан бошлаб тезликни назорат қилувчи барча стационар ва мобил радарлар жойлашган ҳудудда, радар олдидан 250−500 метр масофада «Радар» белгиси ўрнатилиши мажбурий этиб белгиланган эди.

Йўл чизиғини босганлик ва хавфсизлик камари қоидаларидаги ўзгаришлар

Мазкур қарор билан, шунингдек, 1-ноябрдан бошлаб чорраҳагача 50 метр ҳамда қайрилиб олиш жойларигача 20 метр масофада 1.1 (бир яхлит) ва 1.3 (иккита яхлит) йўл ётиқ чизиқларини босиб ҳаракатланган ҳайдовчиларга йўл-патрул хизмати инспекторлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилиши бекор қилинди.

Бироқ, қарама-қарши йўналишдаги транспорт оқимларини ажратиб турувчи 1.1 ва 1.3 чизиқларини босиб ўтиш ҳолатлари бундан мустасно. Бундай қоидабузарликлар кузатилганда, инспекторлар баённома расмийлаштиришга ҳақлидир.

Бундан ташқари, ҳукумат қарорига асосан хусусий радарлар хавфсизлик камарини тақмаган ҳайдовчиларнинг қоидабузарлигини ҳам қайд этишига рухсат берилди. Бунинг учун хусусий радарлар томонидан олинган фотосуратлар юқори сифатли бўлиши, уларда ҳайдовчининг юзи ва хавфсизлик камарини таққан ёки тақмагани аниқ акс этиши шарт қилиб белгиланди.

Теглар

Мавзуга оид