Ёш оилаларга ипотека қайтди: эски хатолар такрорланадими?

Бугун 15:005 дақиқа

Ёш оилаларга уй-жой олишда имтиёзли ипотека берилади. Аммо бу сафар тизим ҳақиқатан муҳтожларга ишлайдими ёки аввалгидек имконияти борларга хизмат қиладими — савол очиқ қолмоқда.

Ёш оилаларга ипотека қайтди: эски хатолар такрорланадими?

Ўзбекистонда ёш оилаларга ипотека ставкасининг 14 фоиздан юқори қисми бюджет ҳисобидан қоплаб берилиши маълум қилинди. Бироқ имтиёзли ипотеканинг бошқа шартлари ҳозирча очиқланмаган.

«Ёш оилалар учун энг аввало нима керак? Албатта, қулай ва шинам уй-жой зарур. Шуни ҳисобга олиб, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уй-жой ипотека дастури доирасида кредит ставкасининг 14 фоиздан ошган қисми бюджетдан қоплаб берилади», деган йиғилишда Шавкат Мирзиёев.

Бу янги тизим эмас. Аввалги йилларда ҳам уй-жой олишда имтиёзли ипотека жорий қилинган, аммо ресурс етишмовчилиги, уй-жой таклифининг камлиги ва коррупцион омиллар сабабли тўхтатилган. 

Ўтмишда қандай бўлган эди?

2007-йилда тижорат банклари томонидан ёш оилаларга имтиёзли асосда кредит бериш бўйича қарор имзоланган. Ушбу дастурга кўра, кредитлар камида 15 йил муддатга ажратилган.

Ёш оилалар учун ипотека кредитлари 3 йиллик имтиёзли давр билан берилиб, фоиз ставкаси Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган даражада белгиланган.

Кредит миқдорлари ҳам аниқ чекланган:

• якка тартибдаги уй-жойни қуриш ёки сотиб олиш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3000 бараваригача;
• уй-жойни реконструкция қилиш ёки кўп қаватли уйдан квартира сотиб олиш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2500 бараваригача.

2017-йилдан бошлаб ёш оилаларга имтиёзли ипотека кредитлари квоталар, «Ёшлар иттифоқи» сертификатлари ва турли тақсимот механизмлари асосида ажратила бошланди.

Ушбу дастур доирасида шаҳарларда кўп квартирали арзон уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредитлар 3 йиллик имтиёзли давр билан берилган. Дастлабки 5 йил давомида фоиз ставкаси йиллик 7 фоиз этиб белгиланган, кейинги даврда эса Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган. Кредит муддати 20 йилгача бўлган, дастлабки бадал эса квартира қийматининг 25 фоизини ташкил этган.

Қишлоқ жойларда эса янгиланган намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш учун шунга ўхшаш шартлар қўлланилган. Яъни, 3 йиллик имтиёзли давр ва дастлабки 5 йил учун 7 фоизлик ставка сақланган, кейинги даврда эса Марказий банк ставкаси бўйича фоиз ҳисобланган. Кредит муддати бу ерда 15 йилгача этиб белгиланган.

Дастлабки бадал миқдори уй турига қараб фарқланган:

• 2–3 қаватли кўп квартирали уйлар ҳамда 2–3 хонали бир қаватли уйлар учун — 10 фоиз;
• 2 қаватли, 4 хонали бирлаштирилган уйлар учун — 25 фоиз.

«2017–2021 йилларда имтиёзли ипотека кредитларидан асосан садоқатли «камолотчилар» ва турли даражадаги давлат хизматчилари фойдаланишди. Асосий танлов мезони қўнғироқ ҳуқуқи, шахсий садоқат кўрсатиш ёки, афсуски, коррупция бўлган», деб ёзмоқда иқтисодчи Отабек Бакиров блогида.

2021-йилдан эса ипотека кредитларини молиялаштириш бозор тамойилларига ўтиши билан имтиёзли ипотекадан воз кечилган эди.

«Имтиёзли кредитлар муҳтожларга эмас, имконияти борларга ишлаган»

«Аввал иқтисод…» дастурида иқтисодчи Отабек Бакиров имтиёзли ипотека кредит тизимининг нега тўхтатилгани ва у билан боғлиқ коррупцион ҳолатларга тўхталиб ўтган эди.

Унинг айтишича, тизим назарий жиҳатдан ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлса-да, амалда бошқа қатламлар манфаатига хизмат қилган. Хусусан, Сергели ва Янгиҳаёт туманларида муҳтож оилалар учун қурилган уйлар атрофидаги вазият бунга далил сифатида келтирилади. Айрим ҳолатларда ушбу уйлар эгалари қиммат автомобиллардан фойдаланаётгани ҳақида репортажлар чиққанини айтади.

Иқтисодчига кўра, тизимдан асосан икки тоифа фойда кўрган. Биринчиси — юқори лавозимли амалдорлар ва имконияти кенг шахслар. Иккинчиси эса молиявий инструмент сифатида имтиёзли кредитдан фойдаланганлар. Улар паст фоизли кредитни олиб, уни юқори даромадли банк омонатларига жойлаштириш орқали фойда қилган.

«Имтиёзлардан одатда ва жуда кўп ҳолатларда ҳақиқатан муҳтожлар фойдалана олмас эди. Асосан юқори лавозимли шахслар ёки молиявий имконияти борлар имтиёзли кредитлардан фойдаланган. Айрим ҳолларда эса 7 фоизли кредит олиб, уни 20 фоиздан юқори даромадли омонатларга қўйиш орқали фойда қилишган. Агар жараёнлар шаффоф бўлмаса ва тўлиқ рақамлаштирилмаса, бу яна ўша эски имтиёзли кредитлар тарихининг қайтарилиши бўлади», дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Шунингдек, у тизимда «справкабозлик» кенг тарқалганини ҳам таъкидлайди. Турли идоралардан олинадиган маълумотномалар асосида имтиёз бериш амалиёти инсон омилини кучайтириб, коррупция хавфини оширган.

Бакиров ўтмишдаги хатоларни такрорламаслик зарурлигини алоҳида таъкидлайди:

«Мен айтардимки, бу тизим ё ҳеч қандай чекловларсиз йўлга қўйилиб, ресурслар билан тўлиқ таъминланиши керак. Агар ресурслар етарли бўлмаса, аслида биз 2017-йилдаги самарасиз қарорни яна такрорлаймиз. 2021-йилда ҳам айнан шу сабаб — самарасизлиги ва ҳамма фойдалана олмагани учун бекор қилинган. Ёш оилалар учун ажратилган кредитлардан амалда муҳтожлар эмас, балки имконияти борлар фойдаланган. Буни очиқ айтиш керак — тизим ҳаммага тенг ишлаши зарур», дейди иқтисодчи Бакиров.

У «ёш оила» тушунчаси ва имтиёзли ипотека сиёсатида мезонларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлайди. Негаки бугунги ижтимоий-иқтисодий шароитда оила қуриш ёши ўзгарган ва бу кредит сиёсатида ҳам инобатга олиниши керак.

Бакировга кўра, аввалги ёндашувлар бугунги реал ҳолатга мос келмайди. Ҳозир ёшлар олий таълим олиб, ишга жойлашиб, даромад манбаига эга бўлгачгина оила қурмоқда.

«Ёш оилалар, масалан, 35 ёшга кирмаганми? 30 ёш оила ҳисобланмайдими? Ҳозир қизлар 18–20 ёшда эмас, 23–24 ёшда турмушга чиқяпти. Йигитлар ҳам аввал ўқиб, ишлаб, кейин оила қурмоқда. Шунинг учун ёш оила мезонларини 21–35 ёш оралиғида белгилаш керак», дейди у.

Иқтисодчи яна бир муҳим жиҳатга — оиладаги икки томонлама даромад масаласига эътибор қаратди. Унинг фикрича, агар аёл ҳам ишласа ва кредит тўловларида иштирок этса, бу рискни камайтиради ва бундай оилаларни қўшимча рағбатлантириш лозим.

«Aгар аёл ҳам ишлаб, кредитни биргаликда тўлаётган бўлса, бундай оилаларга қўшимча имтиёз бериш керак. Бу нафақат молиявий барқарорликни оширади, балки аёлларнинг иқтисодиётдаги иштирокини ҳам рағбатлантиради. Уларни жамиятга интеграция қилади», дейди Бакиров.

Ижтимоий сиёсатда маъмурий босим эмас, балки рағбатлантирувчи механизмлар устувор бўлиши керак. Унинг фикрича, агар аввалги йиллардаги хатолар такрорланмаса, бу яхши ижтимоий қадам бўла олади.

Ёш оилалар учун уй-жой нега муҳим?

Президент маълумотига кўра, ҳар йили Ўзбекистонда қарийб 270 мингта янги оила ташкил топмоқда. Хусусан, 2025 йил январ–декабр ойларида 267,1 мингта никоҳ қайд этилган.

Шу ўринда, 2027 йилдан бошлаб уй-жой қурилишини кескин ошириб, йилига 140 мингтага етказиш вазифаси қўйилган. Бу нафақат қурилиш ҳажмини ошириш, балки ёш оилаларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тизимли ҳал қилишга қаратилган.

Ёш оилаларнинг ўз уйига эга бўлиши уларнинг мустақил ҳаёт бошлашини тезлаштиради ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлайди. Уй-жой мавжудлиги кўплаб муаммоларнинг илдизига таъсир қилади — ижарага боғлиқлик камаяди, молиявий режалаштириш аниқроқ бўлади, оилавий барқарорлик ошади.

«Ёш оилаларнинг ўз уйига эга бўлиши дунёқарашни ҳам ўзгартиради, ҳаётга муносабатни ҳам янгилайди. Бу кўплаб муаммоларнинг илдизига ечим бўлиши мумкин», дейди Бакиров.

Ёш оилалар учун ипотека имтиёзи — муҳим ижтимоий қадам, бироқ у ўтмишдаги бюрократик хатолар ва «справкабозлик» ботқоғига ботмаслиги керак. Акс ҳолда, бу ташаббус яна натижа бермай, бюджетдан миллиардлаб маблағлар самарасиз сарфланиши мумкин. Тизим адолатли ишласа ва фақатгина муҳтожларга хизмат қилса, шундагина унинг натижалари юзага чиқади.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 82

Барчаси

Мавзуга оид