Ётоқхонага жойлашиш учун ариза бериш тартиби қандай?
2026–2027-ўқув йили учун мандат натижалари эълон қилинганидан кейин, 18-августдан 1-босқич талабалари учун ҳам ётоқхонага ариза топшириш бошланди. Vaqt.uz ётоқхонага ариза топшириш тартиби бўйича содда ва тушунарли қўлланма тайёрлади.

Аризани қаерда ва қачон топшириш мумкин?
Талабалар турар жойига (ТТЖ) жойлашиш учун аризани икки усулда топшириш мумкин:
1. Онлайн — Ягона интерактив давлат хизматлари портали, яъни my.gov.uz орқали;
2. Офлайн — Давлат хизматлари маркази орқали.
Аризалар қабули 1-августдан ўқув йили бошлангунига қадар давом этади.
Ётоқхона олиш учун ариза топширишнинг биринчи усулида ОТМ ёки Давлат хизматлари марказига бориш шарт эмас. Барча жараённи my.gov.uz орқали масофадан туриб амалга ошириш мумкин.
Ариза топширишда қандай ҳужжатлар талаб этилади?
Аризани my.gov.uz орқали топшириш учун аввало OneID тизимида шахсий кабинет бўлиши керак. Жараён давомида қуйидаги маълумотлар сўралади:
● ЖШШИР ва OneID пароли;
● паспорт ёки ID-карта маълумотлари;
● қабул қилинган ОТМ ва таълим йўналиши ҳақидаги маълумотлар;
● агар мавжуд бўлса, ётоқхонага жойлашишда имтиёз берувчи маълумотлар.
ОТМ, таълим йўналиши ва таълим босқичи ҳақидаги маълумотларни алоҳида киритиш талаб қилинмайди — улар ЖШШИР орқали тизимда автоматик кўрсатилади.
Онлайн ариза топшириш тартиби қандай?
1. OneID орқали тизимга кириш
Аввало Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz сайтига кирилади. Порталга кириш учун шахсий кабинетдан фойдаланиш керак. OneID тизимида рўйхатдан ўтилмаган бўлса, аввал унда аккаунт очилади.
Бунинг учун my.gov.uz’дан манзилидан фойдаланиш мумкин.

Manba: Vaqt.uz
2. Хизматни ишга тушириш
Шахсий кабинетга киргандан сўнг «Талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза бериш» хизмати танланади.
Хизмат саҳифасида «Хизматдан фойдаланиш» тугмаси белгиланади. Шундан сўнг ариза тўлдириш ойнаси очилади. Уни тўлдириш учун ЖШШИР ва OneID пароли керак бўлади.

Manba: Vaqt.uz
3. Маълумотларни текшириб, имтиёзни белгилаш
Ариза ойнаси очилгач, тизим ЖШШИР орқали талаба ҳақидаги асосий маълумотларни автоматик чиқаради.

Manba: Vaqt.uz my.gov.uz sayti
Бу ерда исм-фамилия, қабул қилинган ОТМ, таълим йўналиши ва таълим босқичи каби маълумотларни текшириб чиқиш керак. Уларни қайтадан қўлда киритиш талаб қилинмайди.

Manba: Vaqt.uz
Агар талабаларда ётоқхонага жойлашишда имтиёз ёки устуворлик ҳуқуқи бўлса, ариза давомида тегишли бандни белгилаш керак. Ушбу маълумотлар электрон базалар орқали текширилади.
Маълумотларнинг барчаси тўғри эканига ишонч ҳосил қилгандан сўнг кейинги босқичга ўтилади.

Manba: Vaqt.uz my.gov.uz sayti
4. Аризани юбориш
Маълумотларни текшириб бўлгач, аризани юбориш мумкин. Бунинг учун «Юбориш» тугмасини босиш кифоя. Ариза тизимга юборилади ва белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Ариза маъқуллангач, натижа талабаларнинг шахсий кабинетида кўринади. Шунингдек, ётоқхонага жойлашиш учун электрон шартнома ва йўлланма шаклланади.

Manba: Vaqt.uz
5. Шартнома бўйича тўловни амалга ошириш
Ариза маъқуллангач, шахсий кабинетда электрон шартнома пайдо бўлади. Унда ётоқхона учун тўланадиган сумма ва тўлов шартлари кўрсатилади.
Шартномадаги маълумотларни текшириб, белгиланган муддатда тўловни амалга ошириш талаб қилинади.
Тўлов тасдиқлангач, ётоқхонага жойлашишнинг кейинги босқичи бошланади. Шу билан бирга, вақтинча рўйхатдан ўтиш жараёни ҳам тизим орқали давом эттирилади.
Битта мурожаат — икки натижа
Ётоқхонага жойлашиш тартибида бу йил муҳим ўзгариш жорий этилди. Аввал талабалар турар жойига жойлашиш ва вақтинча рўйхатдан ўтиш алоҳида хизматлар орқали амалга оширилган бўлса, 2026-йилдан бошлаб бу жараёнлар ягона композит хизмат шаклида кўрсатилмоқда.
Эндиликда талаба my.gov.uz орқали ётоқхонага жойлашиш учун битта ариза топширади. Ариза кўриб чиқилгач, унга электрон шартнома ва йўлланма тақдим этилади. Шартномада белгиланган тўлов амалга оширилгач, вақтинча рўйхатдан ўтиш жараёни автоматик равишда ишга тушади.
Бунда талаба вақтинча рўйхатдан ўтиш учун алоҳида мурожаат қилиши ёки қўшимча ҳужжат топшириши шарт эмас.
Вақтинча рўйхатдан ўтиш тўлов қилинган кундан бошлаб шартномада кўрсатилган муддатгача амал қилади.
Ётоқхона ўринларининг асосий қисми 1-курсларга берилади
Ётоқхонага жойлашиш тартиби билан бирга мавжуд ўринларнинг талабалар ўртасида қандай тақсимланиши ҳам белгиланган. Биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган ёшлар, кейин эса узоқ ва чекка ҳудудлардан келган талабалар ётоқхоналарга жойлаштирилади.
Шундан кейин қолган ўринлар талабалар босқичига қараб қуйидаги улушларда тақсимланади:
Talabalar bosqichi | Ajratiladigan o‘rinlar ulushi |
1-kurs | 55-65% |
2-kurs | 15-20% |
3-kurs va undan yuqori | 20-25% |
Шу тартибга кўра, ётоқхоналардаги ўринларнинг энг катта қисми 1-курс талабалари учун ажратилади. Қолган ўринлар эса юқори босқич талабалари ўртасида тақсимланади.
Жорий ўқув йили учун ётоқхона ўринлари етарлими?
Бироқ янги ўқув йилида талабалар учун тураржой масаласи фақат ариза топшириш билан ҳал бўлмайди. Бугунги кунда республика бўйича 394 та талабалар турар жойида 160 мингга яқин ўрин мавжуд. 18-август ҳолатига кўра, 70 мингдан ортиқ талаба ётоқхонага жойлашиш учун ариза топширган.
Ётоқхона ўрни етишмайдиган ОТМлар эса талабаларни ижара хонадонларига жойлаштириш учун қарийб 20 мингта хонадон рўйхатини шакллантирган. Уларнинг 10 мингга яқини Тошкент шаҳрида. Бу, айниқса, пойтахтда талабалар учун тураржойга эҳтиёж юқори эканини кўрсатади.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда Тошкентда давлат-хусусий шериклик асосида қарийб 18 мингта янги ётоқхона ўрни яратилган. Ҳозирда республика бўйича талабаларни ётоқхона билан қамраб олиш даражаси 58 фоизга етган.
Умуман олганда, ётоқхонага ариза топшириш осонлашгани билан, жой олиш мавжуд ўринлар ва талабанинг имтиёзлари ҳисобга олинган ҳолда тақсимланади.
Теглар






