ЙТҲда ҳалок бўлган ЙПХ инспектори «Жасорат» медали билан тақдирланди
Президент Шавкат Мирзиёев марҳум кичик сержант Хосилбек Эшназаровни «Жасорат» медали билан тақдирлади. ЙПХ инспектори Тошкентда 16 ёшли ўқувчи бошқарувидаги автомобил уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлганди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патрул хизмати инспектори сифатида ишлаган марҳум кичик сержант Хосилбек Бекназар ўғли Эшназаров «Жасорат» медали билан мукофотланди. Бугун, 3-март куни шу тўғрисида президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони қабул қилинди.
25 феврал куни соат 21:48 ларда Тошкент шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаси юз берганди. Кичик сержант Хосилбек Эшназаров ЙТҲ оқибатида ҳаёти учун оғир тан жароҳатларини олиб 3 кун давомида шифокорлар назоратида бўлган. У кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этди.
Кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров 2022 йилдан ички ишлар органларида хизмат қилган. Унинг ортидан 2 нафар ўғил ва 1 нафар қиз фарзандлари қолди.
Нима бўлган эди?
Бош прокуратура берган маълумотларга кўра, 2010 йилда туғилган 10-синф ўқувчиси жамоат тартибини қасддан менсимай, ижтимоий тармоқларда ўзини намойиш қилиш мақсадида автомашина овозини ноқонуний кучайтирган ва махсус сигнал воситалари ўрнатган ҳолда бир неча бор ҳуқуқбузарлик содир этган. У аввал ҳам ЙПХ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмагани учун 9 январ куни отаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси билан жавобгарликка тортилган, аммо бу ҳолатдан хулоса чиқарилмаган.
25 феврал куни у танишининг опасига тегишли BMW автомашинасини тураргоҳдан калити билан ҳайдаб кетган. Миробод тумани Нукус кўчасида ЙПХ инспектори Хосилбек Эшназаровнинг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан, бошқа автомашиналарни хавфли тарзда айланиб ўтиб, хизмат вазифасини бажараётган ходимни уриб кетган. Оғир тан жароҳати олган инспектор 27 феврал куни вафот этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми ва 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан иш қўзғатилиб, гумонланувчи Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддасига асосан ушланган.
«Тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган. Тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиб, айбдор шахсга нисбатан жазо муқаррарлиги қатъий таъминланади», – дейилади хабарда.





