
ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилганлар айланмадан 1 фоиз солиқ тўлайди
2026 йил 1 январдан солиқ ҳисоботлари соддалаштирилиб, айланмадан солиқ тўловчи ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилганлар учун янги қоидалар амалга киритилади.

Адлия вазирлиги солиқ ҳисоботи шаклларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди.
2025 йил 26 ноябрда тасдиқланган ушбу тартиб амалдаги қонунчиликка мувофиқ солиқ ҳисоботларини тўлдириш бўйича бир қатор муҳим янгиликларни ўз ичига олади.
Энг асосий ўзгаришлардан бири йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкасининг 1 фоиз этиб белгиланиши билан боғлиқ. Шу муносабат билан ушбу тоифага мўлжалланган соддалаштирилган ҳисобот шакли жорий қилинмоқда ва солиқчилар учун ҳужжат тўлдириш жараёни янада енгиллаштирилади.
Шунингдек, умумий қуввати 100 kWhгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари орқали электр энергияси ишлаб чиқариб, уни умумий тармоққа реализация қилувчи тадбиркорлар учун муҳим ўзгариш киритилди. Улар олган фойдага нисбатан нол ставка қўлланиши белгилангани боис, солиқ ҳисоботлари шаклларига бу банд бўйича алоҳида тўлдириш талаблари қўшилди.
Бир қатор туман ва шаҳарлар иқтисодий ривожланиш даражасидан келиб чиқиб, халқ депутатлари кенгашларига ижара ставкаларини 2 бараваргача ошириш ҳуқуқи берилгани муносабати билан жисмоний шахслар томонидан мол-мулкни ижарага беришда ставкани кўрсатиш мажбурияти бекор қилинмоқда. Бу амалиёт ижара муносабатларидаги ортиқча бюрократияни камайтиришга қаратилган.
Мазкур ҳужжат 2026 йил 1 январдан кучга киради.
Бундан ташқари, 2026 йил учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим этган бюджетномада ҳам солиқ юкини қисқартиришга қаратилган яна бир қанча нормалар амалга кириши кутилмоқда. Айланмадан олинадиган солиқдан илк бор ҚҚС ва фойда солиғига ўтаётган тадбиркорлар бир йил давомида фойда солиғини тўлашдан озод этилади. Шунингдек, улар 6 ой давомида бухгалтерия хизматлари харажатларининг белгиланган қисмига компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Фойда солиғи бўйича ҳар ойда бўнак тўловни амалга ошириш мажбурияти учун даромад чегараси 10 миллиард сўмдан 20 миллиард сўмга оширилиб, солиқ юкламасини енгиллаштиришга қаратилган тартиб жорий этилмоқда. Амортизация қилинадиган асосий воситаларни тезлаштирилган усулда амортизация қилиш ҳуқуқи эса уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга Президент қарорлари асосида берилади.
Шу билан бирга, чет элликлар (норезидентлар)га дивиденд тўловларида фойда солиғини ҳисоблаш тартиблари қайта кўриб чиқилиб, аввал тўланган солиқ миқдорини инобатга олиб камайтириш механизми йўлга қўйилади. Мол-мулк ва ер солиғи бўйича имтиёзлар эса компаниянинг товар айланмаси ва ходимлар сони каби мақсадли кўрсаткичлар асосида берилади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 январдан бошлаб, йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланиши 2025 йил 11 августда Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид тақдимотда келтириб ўтилган эди. Президент бу таклифларни маъқуллаб, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолаганди.





