Logo

Юнусободдаги 271-мактаб ҳудуди аввалги ҳолатига қайтарилди

31-июл куни Юнусобод туманида болалар майдончалари ва спорт ўйингоҳлари ҳудудларидаги қурилиш ҳолатлари ўрганилди.

Юнусободдаги 271-мактаб ҳудуди аввалги ҳолатига қайтарилди © Foto: t.me/Rasmiy_axborot_official

31-июл куни Юнусобод туманида болалар майдончалари ва спорт ўйингоҳлари ҳудудларидаги қурилиш ҳолатлари юзасидан ўрганиш ўтказилди. Хусусан, Амир Темур Шоҳ кўчасида жойлашган 271-сонли мактаб ҳудуди ҳам кўздан кечирилди.

Маълум қилинишича, ўрганишлар давомида мактаб ҳудудидаги ер участкаси ва бино-иншоотлар амалдаги ҳужжатлар асосида давлат рўйхатидан ўтказилгани аниқланган. Шунингдек, ҳудудда ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдони ёки ноқонуний қурилмалар мавжуд эмаслиги қайд этилди.

Расмий маълумотга кўра, давлат-хусусий шериклик битими ҳамда ижара шартномаси асосида «ASIAN SCHOOL» МЧЖга 4 минг квадрат метр ер майдони ижарага берилган.

Ўрганиш якунлари бўйича тунука билан ўралган ҳудуд демонтаж қилиниб, ер участкаси аввалги ҳолатига қайтарилди.

Масъуллар таъкидлашича, болалар майдончалари, спорт ўйингоҳлари ва ижтимоий объектлар ҳудудларида қонунийликни таъминлаш бўйича назорат тадбирлари давом эттирилади.

Ҳар бир ҳолат амалдаги қонунчилик асосида кўриб чиқилиши ва тегишли қарорлар қабул қилиниши белгиланди.

Теглар

Мавзуга оид