
Зангиотада 1,4 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган корхона аниқланди
Тошкент вилоятида энергия ресурсларини ноқонуний ишлатиш ҳолатлари аниқланиб, жиноят иши қўзғатилган.
© Фото: Prokuratura Departamenti Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент вилоятидаги бўлимлари томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Департаментнинг Зангиота тумани бўлими ўтказган терговга қадар текширувда «B.X.» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Х.Р. савдо дўконида электр тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан тўғри уланиб, 1,4 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани маълум бўлди. Текширув натижасида корхонанинг электр ҳисоблагични четлаб ўтган ҳолда тижорат мақсадида иш фаолиятини амалга оширгани аниқланган.
Шунингдек, департаментнинг Янгийўл тумани бўлими томонидан ўтказилган текширувда фуқаро Ш.Т. Зангиота туманидаги «Кенг-кичик» маҳалласи ҳудудида жойлашган савдо дўкони ва умумий овқатланиш шохобчасини газ ва электр тармоқларига ноқонуний улаган. Натижада у 1 миллиард сўмлик энергия ресурсларидан ўзбошимчалик билан фойдалангани аниқланди.
Ҳар икки ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан амалга оширилмоқда.





