Зангиотадаги тергов ҳибсхонасида бир киши учун кунига 120 минг сўмдан ортиқ пул сарфланади
Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи халқ орасида «Тоштурма» дея ном қозонган тергов ҳибсхонасининг янги биносида сақланаётганларга нималар берилишини айтди.

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Марказий тергов ҳибсхонасида сақланаётган 3800 дан ортиқ кишининг ҳар бирига кунига 120 минг сўмдан ортиқ пул сарфланади. Бу ҳақда департамент бошлиғи полковник Азизхон Умархонов 30-июль куни Vaqt.uz журналистига маълум қилди.
Унинг айтишича, сақланаётганлар идиш-товоқ, уч маҳал иссиқ овқат ҳамда ётиш учун тўшак (матрас) билан таъминланади. Аммо кийим-кечак берилмайди.

«Сифатли уч маҳал иссиқ овқати берилади, лекин тергов изоляторларида кийим-кечак берилмайди. Аммо қолган барча эҳтиёжлари тўлиқ давлат томонидан қопланади», — дейди у.
ИИВ вакили манзил колонияларда маҳбуслар озиқ-овқати учун кетган пулларни ўша ерда ишлаб қоплаши, бироқ тергов ҳибсхонасида пайтида еб-ичиш ҳам давлат томонидан қопланишини билдирди.

«Давлат бюджетидан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, минимал стандартлар деймиз, кунлик битта шахснинг озиқ-овқати ва бошқа эҳтиёжлари учун давлат харажати 120 минг сўмдан ошиқ», — дейди департамент бошлиғи.
Маълумот учун, илгари (1891-йилдан бошлаб) бу тергов ҳибсхонаси Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган эди. Уни чор Россияси даврида тошдан қуришгани учун халқ уни «Тоштурма» деб атаб келган. 2018-йилнинг январь ойида Юнусободдаги эски бинода шароитлар талабга жавоб бермагани учун у бутунлай бузилди. Барча маҳбуслар ва ходимлар Тошкент вилояти Зангиота туманида янги қурилган замонавий бинога кўчирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Тоштурма»нинг янги биноси қурилишига 103 миллиард сўмдан ошиқ пул сарфланганини маълум қилган эдик. Шу билан бирга, у ерда неча киши сақланаётгани ҳақида ёзган эдик.





