
Зеленский Россиянинг урушдаги асл мақсадини очиқлади
Украина президенти Россия тинчликка тайёр эмаслигини, унинг асосий мақсади эса Украина давлатчилигини тўлиқ йўқ қилиш эканини билдирди.

Украина президенти Володимир Зеленский Россия Украина билан урушда ҳеч қандай муросага тайёр эмаслигини ва тинчликка боришни истамаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Москва ҳали санкциялар босимини тўлиқ ҳис қилмаяпти, шу сабаб иқтисодий ва сиёсий босимни янада кучайтиришдан бошқа йўл йўқ.
20 декабр куни журналистлар саволларига жавоб берган Зеленский Россия дипломатик ечимдан қочаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, агрессор давлат музокараларга рози бўлмаса, унга нисбатан санкциялар кенгайтирилиши ва босим максимал даражага етказилиши лозим.
Украина раҳбари Россиянинг стратегик мақсади ўзгармаганини алоҳида урғулади. Унинг таъкидлашича, Россия Украина давлатини тўлиқ босиб олиш ва унинг мустақиллигини йўқ қилиш ниятидан ҳеч қачон воз кечмаган. «Россия ҳар доим бунга интилган ва ҳозир ҳам шуни истаяпти», деди Зеленский.
Шу боис у санкциялар ва иқтисодий босим ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Зеленскийнинг айтишича, Кремл раҳбарияти молиявий ресурслардан маҳрум бўлса, урушни давом эттириш имконияти ҳам чекланади. «Агар уларнинг пули қолмаса, уруш ҳам тугайди», деди у.
Украина президенти, шунингдек, АҚШни Россияга нисбатан янада қатъий позиция эгаллашга чақирди. У Вашингтон Москвага аниқ сигнал бериши кераклигини билдирди: агар Россия дипломатиядан бош тортса, Украинага ҳарбий ёрдам кескин оширилади ва санкциялар бутун иқтисодиёт ҳамда даромад келтирадиган барча соҳаларни қамраб олади.
Зеленскийнинг таъкидлашича, Украина учун бошқа вариант йўқ. Агар босқинчи давлат дипломатияни рад этса, унга нисбатан босимни кучайтириш — ягона самарали йўл ҳисобланади.





