add

Зеленский Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича позицияни аниқ билдирди

Кеча 21:555222 дақиқа

Украина президенти Володимир Зеленский НАТОга аъзолик ўрнига АҚШ ва иттифоқчилардан НАТО низомининг 5-бандига ўхшаш хавфсизлик кафолатлари олиш Киев учун оғриқли, аммо мажбурий муроса эканини айтди.

Зеленский Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича позицияни аниқ билдирди

Украина президенти Володимир Зеленский журналистлар билан мулоқотда мамлакат қандай хавфсизлик кафолатларини кутмоқдаганини аниқ баён қилди. Унинг таъкидлашича, Киев учун энг асосий мақсад — келгусида Россия томонидан яна бир бор ҳарбий тажовузга йўл қўймаслик.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина аввалбошдан хавфсизликнинг энг кучли шакли сифатида НАТОга аъзо бўлишни истаган. Бироқ АҚШ ва Европа Иттифоқидаги айрим ҳамкор давлатлар бу йўналишни қўллаб-қувватламаган. Шу сабабли Киев бошқа вариантларни кўриб чиқишга мажбур бўлган.

Зеленскийнинг айтишича, ҳозирда Украина учун асосий сценарий — АҚШ билан икки томонлама хавфсизлик кафолатлари, хусусан НАТО низомининг 5-моддасига ўхшаш мажбуриятлардир. Шу билан бирга, Европа давлатлари, Канада, Япония ва бошқа шериклар томонидан бериладиган хавфсизлик кафолатлари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

«Бу кафолатлар Россия тажовузининг яна такрорланмаслиги учун керак. Бу ечим — Украина томонидан қилинган муроса», — деди Зеленский.

Унинг таъкидлашича, мазкур кафолатлар нафақат сиёсий баёнот, балки аниқ механизмларга эга бўлиши лозим.

Бундан олдин Axios нашри АҚШ Украинага НАТОнинг 5-моддасига ўхшаш хавфсизлик кафолатларини таклиф қилаётганини хабар қилган эди. Шу билан бирга, манбаларга кўра, Вашингтон тинчлик келишувига эришиш учун Киевдан Донецк ва Луганск областларидаги айрим ҳудудлардан чиқишни ҳам муҳокама қилмоқда.

Axios маълумотларига биноан, АҚШ Украинада тинчлик келишуви бўйича референдум ўтказиш имкониятини ҳам таклиф қилган. Ушбу келишув ҳудудий ён беришларни ўз ичига олиши мумкин.

Америкалик расмийлардан бири Украинага бериладиган хавфсизлик кафолатлари «бўш ваъдалар» эмас, бироқ чекланмаган мажбуриятлар ҳам бўлмаслигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ушбу кафолатларни Конгрессга овоз бериш учун киритишга тайёр.

Музокаралар жараёни ҳали якуний босқичга етмаган. Украина томони эса хавфсизлик кафолатлари реал ва узоқ муддатли бўлиши кераклигини қатъий туриб талаб қилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид