Зироат Мирзиёева ШҲТ саммити доирасидаги маданий тадбирларда иштирок этди
Ўзбекистон Биринчи хоними Бишкекда ШҲТ саммити доирасида ўтказилган кўргазма, миллий овчилик анъаналари намойиши ва концерт дастурида қатнашди.
© Ziroat Mirziyoyeva Telegram sahifasiЎзбекистон Республикаси Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия ва Хитой Биринчи хонимлари билан биргаликда Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида ташкил этилган маданий тадбирларда иштирок этди.
Тадбирлар давомида Биринчи хонимлар қирғиз халқининг амалий безак санъати усталари томонидан тайёрланган ижодий ишлар намойиш этилган кўргазма билан танишдилар.
Шунингдек, «Салбуурун» миллий федерацияси вакиллари меҳмонларга қирғиз тайганлари ва қўлга ўргатилган бургутларни намойиш қилди. Улар қадимий овчилик анъаналари ҳақида ҳам маълумот бердилар.
Дастур якунида «Энесай» қабул уйида юқори мартабали меҳмонлар учун Қирғизистон болалар мусиқа ва рақс жамоаларининг концерти намойиш этилди.





