1000 доллар порани рад этган инспектор шунга тенг миқдорда мукофот олди

Bugun 14:552 daqiqa

Кармана туманидаги стационар постда маст ҳайдовчининг ишини ёпти-ёпти қилиш учун пора таклиф қилган шахс қўлга олинди.

1000 доллар порани рад этган инспектор шунга тенг миқдорда мукофот олди © IIV Kadrlar departamenti, videodan kadr

Навоий вилоятида йўл-патрул хизмати инспекторига пора беришга уринган шахс жиноят устида қўлга олинди. Ҳодиса ҳайдовчининг маст ҳолатда транспорт бошқаргани аниқланганидан кейин содир бўлган.

Маълум қилинишича, 2023 йил 7 апрел куни Кармана тумани ҳудудидаги стационар постда «Lacetti» русумли автомобил тўхтатилган. Текширув давомида ҳайдовчининг спиртли ичимлик истеъмол қилгани аниқланиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Кейинчалик ҳайдовчининг отаси йўл-патрул хизмати ходимлари олдига келиб, иш материалларини судга юбормаслик ва автомобилни жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига 1000 доллар таклиф қилган.

Инспектор порага рози бўлмади

Инспекторлар фуқарони бир неча бор пора бериш ҳам, пора олиш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирган. Бироқ у ўз таклифини такрорлашда давом этган.

Шундан сўнг йўл-патрул хизмати ходимининг билдиришномаси асосида Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар иштирокида тезкор тадбир ташкил этилган.

Тадбир давомида фуқаро 1000 долларни пора сифатида берган вақтда далилий ашёлар билан ушланган. Ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Ҳалоллик рағбатлантирилди

Мазкур воқеадан кейин Ички ишлар вазири ўринбосарининг буйруғи билан Навоий вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими, капитан Шербек Турхонов пул мукофоти билан тақдирланди.

Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида мукофот пули берилди.

Айни пайтда пора таклиф қилган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid