101 минг доллар пора талаб қилган солиқ инспектори ушланди
Тадбиркорга ер ажратиб бериш ва унинг тоифасини ўзгартириш эвазига пора талаб қилган солиқ инспекторига жиноят иши қўзғатилди.
Фарғона вилояти Фарғона тумани солиқ инспекциясининг бош инспектори пора талаб қилгани учун қўлга олинди. Тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлигининг Наманган вилояти бўйича бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.
Тергов маълумотларига кўра, у юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Фарғона тумани ҳокимлиги захирасида бўлган, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган 10 гектар ер майдонини тадбиркорга ажратиб беришни ваъда қилган. Мазкур ер майдонида келгусида сайёҳлик маскани ташкил этиш режалаштирилгани айтилган.
Инспектор ушбу ер майдонини ажратиш учун 95 минг АҚШ доллари талаб қилган. Шунингдек, ер майдони тоифасини ўзгартиришда ёрдам бериш эвазига қўшимча равишда яна 6 минг доллар талаб қилиб, умумий маблағни 101 минг долларга етказган.
ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан Янги Наманган туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида у олдиндан 20 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми а банди ҳамда 28 ва 211-моддаларининг тегишли қисмлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.





