Logo

2025-йилда энг кўп кўмир ишлатган давлатлар қайси?

Bugun 13:052 daqiqa

Қайта тикланувчи энергия манбалари жадал ривожланаётганига қарамай, кўмир ҳали ҳам дунёда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг энг йирик манбаи бўлиб қолмоқда.

2025-йилда энг кўп кўмир ишлатган давлатлар қайси? © worldenerget.com

2025-йил учун эълон қилинган янги маълумотлар қайси давлатлар энг кўп кўмир истеъмол қилганини кўрсатди. Рейтинг Осиё давлатларининг жаҳон кўмир бозоридаги устун ўрнини яққол намоён этади.

Маълумотлар «Statistical Review of World Energy 2026» ҳисоботига асосланган бўлиб, у Энергетика институти томонидан тайёрланган. Кўмир истеъмоли эксажоуль (EJ) — бирламчи энергияни ўлчаш бирлигида ҳисобланган.

Рейтингда Хитой мутлақ етакчи бўлиб қолмоқда. Мамлакат 2025-йилда 92,2 эксажоуль кўмир истеъмол қилган. Бу иккинчи ўриндаги Ҳиндистон кўрсаткичидан қарийб тўрт баравар кўп. Бунинг асосий сабаби Хитойнинг йирик энергетика тизими, улкан саноат салоҳияти ва ишлаб чиқариш тармоқларининг кўмирга ҳали ҳам катта даражада боғлиқлигидир.

photo_2026-07-30_10-37-34


Ҳиндистон 23,1 эксажоуль кўрсаткич билан иккинчи ўринни эгаллади. Бу жаҳондаги умумий кўмир истеъмолининг қарийб 14 фоизига тенг. Хитой ва Ҳиндистон биргаликда дунёда истеъмол қилинадиган кўмирнинг қарийб 70 фоизидан фойдаланади. Бу икки давлат иқтисодиёти учун кўмир ҳали ҳам муҳим энергия манбаи эканини кўрсатади.

Учинчи ўринда АҚШ жойлашган бўлиб, мамлакатда кўмир истеъмоли 8,7 эксажоульни ташкил этган. Кейинги ўринларда Индонезия (5,2 эксажоуль) ва Япония (4,4 эксажоуль) туради. Бу уч давлатнинг умумий истеъмоли ҳам Хитойнинг якка ўзи истеъмол қилаётган кўмир ҳажмининг бешдан бир қисмига ҳам етмайди.

Россия эса 3,56 эксажоуль кўрсаткич билан еттинчи ўринни эгаллаган. 2025-йилда Хитой ва Ҳиндистонда кўмир электр станцияларида электр ишлаб чиқариш ҳажми ярим асрдан зиёд вақт ичида биринчи марта камайган бўлса-да, дунё бўйича умумий кўмирга бўлган талаб ўсишда давом этди. Бу ўсишга асосан Жануби-Шарқий Осиё давлатларининг жадал саноатлашуви сабаб бўлди. Сўнгги ўн йилда Индонезия ва Вьетнам кўмир истеъмолини икки баравардан ҳам кўпроқ оширди. Бу мамлакатлар электр энергиясига ортиб бораётган эҳтиёжни қондириш учун кўмир электр станцияларини кенгайтирмоқда.

Бугунги кунда Индонезия дунёда тўртинчи, Вьетнам эса тўққизинчи йирик кўмир истеъмолчиси ҳисобланади. Кўплаб Осиё давлатлари учун кўмир ҳали ҳам энг арзон ва ишончли энергия манбаларидан бири бўлиб, саноат ривожи, урбанизация ва электр энергиясига ортиб бораётган талабни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Европада эса энг йирик кўмир истеъмолчилари Германия, Польша ва Чехия ҳисобланади. Қолган Европа давлатларининг жаҳон кўмир истеъмолидаги улуши эса нисбатан кам.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг июнида Ўзбекистонда кўмир нархи қимматлади. Ўзбекистон Қирғизистон кўмирининг асосий харидори бўлиб қолмоқда.

Teglar

Mavzuga oid