Logo

2027-йилдан бошлаб Россияда мигрантлар кўпроқ солиқ тўлайди

Kecha 13:513 daqiqa

Мигрантнинг қарамоғидаги ҳар бир оила аъзоси учун солиқ тўлови 50 фоизга ошади.

2027-йилдан бошлаб Россияда мигрантлар кўпроқ солиқ тўлайди © Asia-Plus

2027-йил 1-январдан бошлаб Россияда ишлаётган хорижликлар, жумладан, мигрантлар ҳам мамлакатда яшайдиган фарзандлари бўлса, кўпроқ даромад солиғи тўлайди. Россия президенти Владимир Путин имзолаган янги қонунга кўра, 18 ёшга тўлмаган ҳар бир фарзанд учун белгиланган олдиндан солиқ тўлови 50 фоизга оширилади.

Янги тартиб болалар ёки ишламайдиган оила аъзолари учун алоҳида солиқ жорий этмайди. Аксинча, айрим тоифадаги хорижлик ишчилар ҳозир ҳам тўлаётган белгиланган белгиланган ойлик даромад солиғи тўлови миқдори оширилади.

Қўшимча тўлов айрим иш тоифаларида мигрантнинг қарамоғидаги бошқа оила аъзоларига ҳам татбиқ этилади.

Мигрантлар қанча кўпроқ тўлайди?

Янги қоидага кўра, Россияда яшайдиган 18 ёшга тўлмаган ҳар бир фарзанд учун ойлик солиқ тўловининг асосий миқдорига яна 50 фоиз қўшилади. Масалан, мигрант ҳозирда ойига 10 минг рубл солиқ тўлаётган бўлса, янги тартиб бўйича:

бир нафар фарзанди бўлса — 15 минг рубл;

икки нафар фарзанди бўлса — 20 минг рубл;

уч нафар фарзанди бўлса — 25 минг рубл тўлайди.

Бу рақамлар мисол тариқасида келтирилган. Амалдаги тўлов миқдори Россиянинг қайси ҳудудида ишлаши ва мигрантнинг иш тоифасига қараб фарқ қилади. Янги тартиб фарзандликка олинган болалар ва васийликка олинган фарзандларга ҳам тегишли. Агар ота-онанинг иккаласи ҳам хорижлик бўлиб, белгиланган ойлик даромад солиғини тўласа, қўшимча тўловни уларнинг ўзаро келишувига кўра фақат бири амалга оширади.

Ҳукумат мигрантларнинг даромадини текширади

Россия хорижлик ишчиларнинг қанча даромад топаётганини назорат қилишни ҳам кучайтирмоқда. 2026-йил 1-октябрдан бошлаб Федерал солиқ хизмати хорижликларнинг даромадлари ҳақидаги маълумотларни Ички ишлар вазирлигига тақдим этмоқда. Маълумотлар ҳар уч, олти, тўққиз ва ўн икки ойлик даврлар бўйича юборилади. Бу маълумотлар орқали ҳукумат мигрантнинг қонуний ишлаётгани ҳамда ўзини ва қарамоғидаги оила аъзоларини таъминлаш учун етарли даромад топаётганини текширади.

Мигрантнинг қарамоғидаги оила аъзолари ҳақидаги маълумотлар ҳам миграция рўйхатидаги қайдлар ва қариндошликни тасдиқловчи ҳужжатлар билан солиштирилади. Янги талабларга кўра, мигрантнинг даромади нафақат унинг ўзига, балки Россияда яшаётган қарамоғидаги оила аъзоларига ҳам етиши керак. Агар даромад етарли бўлмаса, айрим турдаги миграция рухсатномаларини бериш рад этилиши ёки аввал берилган рухсатномалар бекор қилиниши мумкин. Бироқ қонунда айрим истисно ҳолатлар ҳам назарда тутилган.

Янги қоидалар 2027-йил январидан кучга киради

2026-йил 26-июл куни Россия президенти Владимир Путин хорижлик ишчиларга қўйиладиган молиявий талабларни кучайтирувчи иккита федерал қонунни имзолаган. 241-FZ-сонли федерал қонунга кўра, хорижлик ишчиларнинг энг кам даромадига талаб белгиланади. Бу миқдор улар яшаётган ҳудуддаги яшаш учун зарур энг кам харажатлар ва мигрантнинг қарамоғидаги оила аъзолари сонига қараб ҳисобланади. 242-FZ-сонли федерал қонун эса Солиқ кодексига ўзгартириш киритади. Унга кўра, қарамоғида фарзандлари ва айрим ҳолларда бошқа оила аъзолари бўлган хорижлик ишчилар учун белгиланган даромад солиғи оширилади.

Янги қоидаларнинг асосий қисми 2027-йил 1-январдан кучга киради.

Teglar

Mavzuga oid