33 туман ва шаҳар «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги ҳудуд»га айлантирилади

10.10.2025 | 13:004 daqiqa

Президент қарорига кўра, ушбу ҳудудларни ривожлантиришга 4 трлн сўм ажратилмоқда.

33 туман ва шаҳар «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги ҳудуд»га айлантирилади
Ўзбекистонда 33 та туман, шаҳар ва маҳалла «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги ҳудуд» мақомини олади. Бу ҳақда «Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–298-сон, 08.10.2025 й.) қарорида белгиланган бўлиб, мазкур ҳудудлар аҳоли турмушини яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун намунали ҳудуд сифатида ривожлантирилади. Лойиҳа доирасида ҳар йили саноат ўсиши вилоят даражасидан 2–3 фоиз юқори бўлиши таъминланади. Бунинг учун мавжуд хомашё ресурсларидан тўлиқ фойдаланиш, қўшимча қиймат яратишга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш режалаштирилган. Озиқ-овқат, мебелчилик, қурилиш материаллари ва тикувчилик соҳаларида камида 10 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Бунинг учун камида 50 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб этилади. Шунингдек, аввал ташқи бозорга чиқмаган 3–5 та корхона экспорт фаолиятига жалб этилади ва хорижий мутахассислар иштирокида миллий бренд маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб бу ҳудудлардаги барча давлат идоралари ва ижтимоий бинолар фақат энергия тежамкор тамойиллар асосида қурилади ёки модернизация қилинади. Шунингдек, 2026 йил 1 мартдан «нол энергия сарфли бинолар» концепцияси асосида пилот лойиҳалар амалга оширилади. 2027 йилга қадар давлат муассасалари ва ижтимоий ташкилотлар тўлиқ энергия самарадор ускуналар билан жиҳозланади. Ҳар бир туман ёки шаҳарни ривожлантириш учун давлат бюджети ҳисобидан 100 миллиард сўм, ҳар бир маҳалла учун эса 5 миллиард сўм ажратилади. Қўшимча равишда, Ислом тараққиёт банкининг «Қишлоқ ҳудудларни барқарор ривожлантириш» ҳамда Жаҳон банкининг «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳалари доирасида мазкур ҳудудларга қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади.

Teglar

Mavzuga oid