4-синф ўқувчисига совға қилинган машина, 10-синф ўқувчиси содир қилган ЙТҲ ва болалар заҳарланиши ортидан қамалганлар — 27 феврал дайжести

27.02.2026 | 23:003 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

4-синф ўқувчисига совға қилинган машина, 10-синф ўқувчиси содир қилган ЙТҲ ва болалар заҳарланиши ортидан қамалганлар — 27 феврал дайжести

Хоразмда 4-синф ўқувчисига машина берилди

Президент Шавкат Мирзиёев 24 феврал куни ёшлар билан учрашув чоғида қўшиқ ижро этган Хоразм вилояти Урганч туманидаги 11-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби 4-синф ўқувчиси Отамурод Райимбоевни рағбатлантириш мақсадида автомобил ажратиш бўйича топшириқ берган. Ўқувчи учрашув давомида Комилжон Отаниёзов репертуаридан қўшиқни жонли ижрода куйлаган.

Хоразм вилояти ҳокимлиги маълумотига кўра, совға қилинган BYD Chazor электромобили вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов томонидан ўқувчига унинг оила аъзолари ва устозлари иштирокида топширилган.

Тошкент вилоятида боғчалардаги оммавий заҳарланиш ортидан 10 киши қамоққа олинди

2025 йил сентябр ойида Тошкент вилоятининг Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Пискент ва Қуйичирчиқ туманларида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг заҳарланиши билан боғлиқ жиноят иши суд иш юритувига келиб тушди. Олий суд матбуот котиби маълумотига кўра, иш доирасида «Shark Milk Product» МЧЖ раҳбарияти ва ходимлари ҳамда озиқ-овқат етказиб беришга алоқадор бўлган жами 11 нафар шахсга айблов эълон қилинган.

Тергов органлари уларга Жиноят кодексининг хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарлар ишлаб чиқариш ва санитария қоидаларини бузишга оид моддалари бўйича айблов қўйган. Айбланувчиларнинг 10 нафарига қамоққа олиш, бир нафарига эса уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда суд ишини кўришни тайинлаш масаласи ўрганилмоқда ва муҳокама очиқ тартибда ўтказилиши кутилмоқда.

Туркиядаги ноқонуний мигрантлар орасида ўзбекистонликлар учинчи ўринда

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари Туркияда қўлга олинган ноқонуний мигрантлар орасида учинчи ўринни эгаллади. Туркия Миграция бошқармаси статистикасига кўра, энг кўп ноқонуний мигрантлар Афғонистон ва Сурия фуқаролари ҳиссасига тўғри келган бўлиб, 2025 йилда мос равишда 44 157 нафар ва 22 515 нафар шахс ушланган.

Ўзбекистон фуқаролари бўйича эса ўсиш кузатилган: 2024 йилда 11 521 нафар ўзбекистонлик ноқонуний мигрант сифатида ушланган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 13 683 нафарга етган ва мамлакат учинчи ўринга кўтарилган. 2026 йил бошидан 19 феврал ҳолатига кўра, 1 437 нафар Ўзбекистон фуқароси ушлангани маълум қилинган.

1 мартдан жарима хатларини почта орқали етказиш тўхтатилади

2026 йил 1 мартдан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун расмийлаштирилган маъмурий баённомаларни почта орқали етказиб бериш хизмати вақтинча тўхтатилади. «Ўзбекистон почтаси» маълумотига кўра, бу қарор ЙҲХХ Жамоат хавфсизлиги департаменти томонидан шакллантириладиган жарима хатларини тарқатиш амалиётига тааллуқли бўлиб, хизматнинг бекор қилинишига Ички ишлар вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш давлат муассасаси билан 2026 йил учун шартнома имзоланмагани сабаб бўлган.

Ҳозиргача маъмурий баённомалар фуқароларга асосан почта орқали юбориб келинган ва бу хабардор қилишнинг асосий усулларидан бири ҳисобланар эди. Энди эса жарималарни етказиш механизмларида ўзгариш бўлиши мумкин, аммо янги тартиб ҳозирча аниқ эмас. «Ўзбекистон почтаси» бу масала юзасидан қўшимча маълумотлар бериб борилишини билдирган.

10-синф ўқувчиси уриб кетган ЙПХ ходими вафот этди

Тошкент шаҳрида 2010 йилда туғилган вояга етмаган бола бошқарувидаги BMW уриб кетган ЙПХ инспектори Хосилбек Эшназаров вафот этди. Бу ҳақда ЙҲХХ хабар қилди.

Воқеа 25 феврал куни соат 21:48 ларда Тошкент шаҳрида юз берганди. Кичик сержант Хосилбек Эшназаров ЙТҲ оқибатида ҳаёти учун оғир тан жароҳатларини олиб 3 кун давомида шифокорлар назоратида бўлган. У кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этди.

Кичик сержант Хосилбек Эшназаров 2022 йилдан ички ишлар органларида хизмат қилган. Унинг ортидан 2 нафар ўғил ва 1 нафар қиз фарзандлари қолди.

Teglar

Mavzuga oid