500 минг сўмлик банкнот ҳақидаги хабарлар асоссиз — Марказий банк
Марказий банк ижтимоий тармоқларда тарқалаётган 500 минг сўмлик янги банкнот муомалага чиқарилиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
© markaziy bankИжтимоий тармоқларда Ўзбекистонда 500 минг сўмлик купюра чиқарилиши ва унда Мирзо Улуғбекнинг сурати туширилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Марказий банк ушбу маълумотни асоссиз деб баҳолади.
Регулятор баён қилишича, ҳозирда янги пул белгисини муомалага чиқариш режаси кўзда тутилмаган.
«Бугунги кунда янги пул белгисини муомалага чиқариш масаласи Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан кўзда тутилмаган», дейилади банк изоҳида.
Маълумот учун, «Марказий банк тўғрисида»ги қонуннинг 39-моддасига кўра, пул белгиларининг номинал қиймати фақат регулятор томонидан белгиланади. Шунингдек, қонуннинг 40-моддасига мувофиқ, Марказий банк мамлакатда пул белгиларини муомалага чиқаришда мутлақ ҳуқуққа эга.
Янги пул белгисини чиқариш фақат Сенат томонидан тасдиқлангандан кейин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Шу билан боғлиқ барча маълумотлар расмий манбалар орқали тақдим этилади.





