Абу Дабидаги музокаралар: ҳозирча нималар маълум?

25.01.2026 | 08:282 daqiqa

Украина президенти Абу Дабида ўтган уч томонлама музокараларда асосий қандай масалалар муҳокама қилинганини очиқлади, аммо барча деталлар очиқланмади.

Абу Дабидаги музокаралар: ҳозирча нималар маълум?

Украина президенти Володимир Зеленский Украина, Россия ва АҚШ ўртасида Абу Дабида ўтган икки кунлик уч томонлама музокараларни конструктив деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, ушбу формат узоқ танаффусдан кейин илк бор икки кун давом этган музокаралар бўлди.

«Делегациямиздан ҳисобот бўлди: Амирликлардаги учрашувлар якунланди. Бу анча вақтдан бери илк бор бўлаётган икки кунлик уч томонлама формат. Кўп масалаларни муҳокама қилишга улгурдик ва энг муҳими — мулоқот конструктив бўлди», — деб ёзди Зеленский.

Президентнинг таъкидлашича, музокараларда асосий эътибор урушни якунлашнинг эҳтимолий параметрларига қаратилган. Ушбу масалада томонлар илк бор батафсил мулоқот қилган.

Зеленский АҚШнинг ролини алоҳида қайд этиб, урушни тугатиш жараёнида мониторинг ва хавфсизлик кафолатлари бўйича назорат механизми муҳим эканини таъкидлади.

Бирлашган Араб Амирликларининг ташқи сиёсат идораси ҳам Россия ва Украина ўртасидаги мулоқотни қўллаб-қувватлашга содиқ эканини билдирди.

«Ушбу музокараларнинг БААда ўтказилиши уларнинг мулоқот ва эскалациядан қочишга бўлган изчил ёндашувини акс эттиради. Аввал ўтган бир неча босқичли Россия-Украина музокаралари ҳарбий асирларни алмашиш бўйича 17 та муваффақиятли операциялар билан якунланган. БАА бу дипломатияга аниқ ишонч билан ёндашади: можароларни мулоқотсиз ҳал қилиб бўлмайди, илгарилашга эса доимий ўзаро ҳаракат билан эришилади. Биз бундан кейин ҳам барча кризисли вазиятларда тинчлик ўрнатилишига қаратилган барча хатти-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз», — дея баёнот берган БАА Ташқи ишлар вазирлиги.

 

Кейинги босқичлар

Украина президентига кўра, Америка томони урушни якунлаш шартларини ҳуқуқий ва сиёсий жиҳатдан мустаҳкамлаш мумкин бўлган форматларни муҳокамага қўйган. Бу эса томонлар орасида муайян ишонч шакллана бошлаганини кўрсатади.

Музокаралар якунида барча делегациялар ўз пойтахтларига ҳисобот бериш ва давлат раҳбарлари билан кейинги қадамларни мувофиқлаштиришга келишиб олган. Шунингдек, ҳарбийлар даражасида навбатдаги учрашув учун масалалар рўйхати шакллантирилган.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина кейинги босқичга тайёр эканини очиқ билдирган.

 

Навбатдаги учрашув эҳтимоли

«Агар ҳаракатни давом эттиришга тайёрлик бўлса — Украина тайёр — навбатдаги учрашувлар ўтказилади. Эҳтимол, бу келгуси ҳафтада бўлиши ҳам мумкин», — деди Украина раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Абу Дабидаги икки кунлик уч томонлама музокаралар 24 январ куни ёпиқ режимда якунланган. Илк раунддан сўнг, 23 январ куни Оқ уйнинг юқори лавозимли вакили учрашувни самарали деб баҳолаганди.

Teglar

Mavzuga oid