Амир Темур хиёбони ҳудуди вақтинча ёпилади

Kecha 20:401 daqiqa

Тошкентдаги Амир Темур хиёбони 23 мартдан 7 апрелгача ободонлаштириш ишлари сабаб тўлиқ ёпилади, метро чиқишлари ҳам вақтинча чекланади.

Амир Темур хиёбони ҳудуди вақтинча ёпилади

Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбони ҳудуди 2026 йил 23 мартдан 7 апрелгача вақтинча ёпилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди. Чекловлар ободонлаштириш ишлари олиб борилиши муносабати билан жорий этилмоқда.

Маълум қилинишича, чекловлар хиёбоннинг бутун периметри бўйлаб амал қилади. Улар Махтумқули, Истиқбол, Сайилгоҳ кўчалари ҳамда Амир Темур ва Мустақиллик шоҳкўчалари билан чегараланган ҳудудга тааллуқли.

Ишлар доирасида пиёдалар йўлаклари қопламасини таъмирлаш ва янгилаш, муҳандислик коммуникациялари ҳамда суғориш тизимини модернизация қилиш режалаштирилган. Шунингдек, ҳудудни кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам амалга оширилади.

Ҳокимлик маълумотига кўра, янгиланадиган суғориш тизими сувдан самарали фойдаланиш имконини оширади. Шу билан бирга, ишлар давомида дарахтларга зарар етказилмайди ва қўшимча кўчатлар экиш кўзда тутилган.

Қайд этилишича, туташ кўчаларда автотранспорт ҳаракати одатдагидек сақланиб қолади. Бироқ хиёбонга олиб чиқувчи метро бекатлари чиқиш йўллари белгиланган муддатда вақтинча ёпилади.

Teglar

Mavzuga oid