Андижонда субсидия маблағлари талон-торож қилингани аниқланди
10.10.2025 | 18:403 daqiqa
Жалақудуқ туманида 25 нафар аёл иш билан таъминлангани ва асбоб-ускуналар берилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузиб, пул маблағларини ўзлаштирган шахслар қўлга олинди.

Андижон вилоятида субсидия маблағларини талон-торож қилган тадбиркор ва мансабдор шахслар аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, агентлик томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 июлдаги 307-сон қарори асосида субсидия маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши юзасидан ўрганиш ўтказилган.
Ўрганиш жараёнида Жалақудуқ туманининг Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлими мансабдор шахслари «S.T.X» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ф.Х. билан олдиндан тил бириктиргани маълум бўлди.
2023 йилда тузилган ижтимоий шартнома асосида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ҳамда Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган 25 нафар ишсиз аёлнинг корхонада касаначи сифатида иш билан таъминлангани ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштирилган. Шунингдек, уларга 247,5 миллион сўмлик тикиш асбоб-ускуналари берилгани ҳақида ёлғон маълумотлар тузилгани аниқланган.
Ўрганиш натижалари бўйича тўпланган материаллар асосида Андижон вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилди.





