Logo

«Apple» iPhone эгаларига 250 миллион доллар товон пули тўлайди

Bugun 16:571 daqiqa

Ҳар бир мос келадиган смартфон учун тахминан 25 доллар тўланади. Агар мурожаатлар сони кам бўлса, товон пули 95 долларгача етиши мумкин.

«Apple» iPhone эгаларига 250 миллион доллар товон пули тўлайди © Business Today

Американинг «Apple» компанияси сунъий интеллект (Apple Intelligence) функциялари ва Siri янгиланишлари бўйича чалғитувчи реклама қилгани юзасидан берилган жамоавий даъвони келишув орқали якунлашга рози бўлди. Шу сабаб компания 250 миллион доллар товон пули ажратади.

Даъвогарлар «Apple» 2024-йилдаги WWDC тақдимотида ҳали тайёр бўлмаган сунъий интеллект имкониятларини реклама қилиб, харидорларни қимматроқ iPhone сотиб олишга ундаганини таъкидлади. Келишувга кўра, «Apple» ўз айбини тан олмайди, бироқ компенсация тўлаш учун маблағ ажратади.

Товон пулини 2024-йил 10-июндан 2025-йил 29-мартгача сотиб олинган iPhone 15 Pro, iPhone 15 Pro Max ва iPhone 16 туркумидаги смартфон эгалари олиши мумкин. Ҳар бир мос келадиган смартфон учун тахминан 25 доллар тўланади. Агар мурожаатлар сони кам бўлса, товон пули 95 долларгача етиши мумкин.

Аризаларни қабул қилиш бўйича хабарномалар 2026-йил 31-августгача юборилади. Тўловларни якуний тасдиқлаш эса 2027-йил 29-сентябрда суд томонидан кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Apple» компанияси бозор капитализацияси бўйича «Nvidia»ни ортда қолдириб, яна дунёдаги энг қиммат оммавий компанияга айланганди. Компаниянинг бозор капитализацияси 4,9 триллион долларга етганди.

Teglar

Mavzuga oid