Logo

АҚШ Эронга ҳарбий зарбаларни кучайтирди, Ҳормуз бўғози яна ёпилди

Эроннинг нефть танкерларига қилган ҳужумларига жавобан АҚШ ҳарбийлари Теҳронга янги зарбалар берди. Ўз навбатида Эрон бўғоз тўлиқ ёпилганини маълум қилди ва яқин атрофдаги АҚШ ҳарбий базаларига ҳужумлар уюштирди.

АҚШ Эронга ҳарбий зарбаларни кучайтирди, Ҳормуз бўғози яна ёпилди © Foto: Anadolu

АҚШ ҳарбийлари Эроннинг Ҳормуз бўғозидаги нефть танкерларига қилган ҳужумларига жавобан Теҳронга янги зарбалар берди. Ўз навбатида, Теҳрон Ҳормуз бўғозини бутунлай ёпиб, Форс кўрфази минтақасидаги АҚШ ҳарбий объектларига ҳужумларни кучайтирди. Бу ҳақда Reuters нашри хабар берди.

Ушбу тўқнашувлар ортидан АҚШ Президенти Дональд Трамп сулҳ тугаганини эълон қилди. Бироқ Трамп музокараларни давом эттириш учун имконият борлигини ҳам қайд этган.

Ҳормуз бўғозидаги вазият

Эрон томони Ҳормуз бўғозини ёпганини билдирди ва ҳар қандай жавоб чорасига кескин зарба берилиши ҳақида огоҳлантирди. АҚШ Марказий қўмондонлиги эса дунё нефть ва суюлтирилган табиий газининг бешдан бир қисми ўтадиган ушбу сув йўлида тижорат кемаларининг ҳаракати ҳамон давом этаётганини таъкидламоқда.

АҚШ Марказий қўмондонлиги баёнотига кўра, бўғозда хавфсизликни таъминлаш ва Эроннинг тижорат кемаларига ҳужумини камайтириш мақсадида шанба куни Эроннинг 140 та ҳарбий нишонига зарба берилган. Уч кеча давомида амалга оширилган умумий зарбалар сони 300 тадан ошди. Эрон давлат ОАВлари бир қатор порт шаҳарларида портлашлар бўлганини тасдиқлади.

Бунга жавобан Эрон Инқилобий Гвардияси ўз яқинидаги давлатларда жойлашган АҚШ объектларига, жумладан: Иорданиядаги дрон ангарлари ва қўмондонлик марказига; Қувайтдаги ҳарбий радар базасига; Уммондаги авиацияни қўллаб-қувватлаш ва ёнилғи қуйиш платформаларига; Қатардаги ҳарбий иншоотлар ва техник хизмат кўрсатиш марказига ҳужум қилганини маълум қилди.
Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари ҳаво мудофааси тизимлари Эрондан учирилган ракета ва дронларни уриб туширганини хабар қилди. Баҳрайнда огоҳлантириш сиреналари чалинди.

Эслатиб ўтамиз, 17-июн куни АҚШ ва Эрон ўртасида 60 кун давомида амал қиладиган сулҳ режимини назарда тутувчи ва томонларга якуний тинчлик битими бўйича музокаралар олиб бориш имконини берадиган келишув имзоланган эди. Ушбу келишувдан сўнг Ҳормуз бўғози қайта очилган эди. Ўшанда Трамп Эрон битим шартларига амал қилмаса, Вашингтон ҳарбий зарбаларни қайта бошлашини айтган.

Teglar

Mavzuga oid

АҚШ Эронга ҳарбий зарбаларни кучайтирди, Ҳормуз бўғози яна ёпилди | Vaqt.uz