АҚШ Эронга қарши урушни кенгайтириши мумкин
«The Washington Post» манбаларига кўра, АҚШ Иорданияда америкалик ҳарбийлар ҳалок бўлганидан кейин Эронга қарши ҳарбий амалиётларни кенгайтиришни кўриб чиқмоқда.
© Ijtimoiy tarmoqlarАҚШ маъмурияти Иорданияда америкалик ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлганидан сўнг Эронга қарши ҳарбий операциялар кўламини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда америкалик расмийга таяниб, «The Washington Post» хабар берди.
Нашр манбасининг маълум қилишича, Пентагон Яқин Шарқдаги ҳарбий иштирокини кучайтириш доирасида минтақадаги жанговар самолётлар сонини оширмоқда.
Бироқ манбаларга кўра, Вашингтоннинг имкониятлари чекланган. Хусусан, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва узоқ масофали ўқ-дорилар захираси қисқариб бораётгани операциялар кўламига таъсир қилиши мумкин.
Ресурслар етишмаслиги айтилди
Нашр суҳбатдошларидан бирига кўра, қўшинлар ва ҳарбий авиацияни Яқин Шарққа қўшимча равишда жойлаштириш ҳам техникага етказилган зарарлар туфайли қийинлашади.
«Бизда операцияларни хавфсиз давом эттириш учун етарли ресурслар йўқ ва менимча, Оқ уй бундан бехабар», — деди америкалик амалдор.
Кескинлик ортиб бормоқда
«The Washington Post» қайд этишича, АҚШ ва Эрон ўртасида ўзаро зарбалар қайта бошланганидан буён камида уч нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган.
18 июл куни Эрон Иорданиядаги АҚШ объектларига зарба берди. Ҳужум оқибатида икки нафар америкалик аскар ҳалок бўлган, яна бир ҳарбий бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.